Қозоғистонда аҳолининг 44,5 фоизи мунтазам спорт билан шуғулланади

ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда аҳолининг 44,5 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланади.

Алматыда кешкі жүгіру эстафетасына байланысты қай көшелерде қозғалыс шектеледі
Фото: Алматы әкімдігі

Ҳукумат маълумотларига кўра, болалар ва ўсмирларнинг 34,6 фоизи доимий равишда спорт билан шуғулланади. Айни пайтда 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган 228 мингдан ортиқ бола 7 мингдан зиёд спорт секциясига бепул қатнашмоқда. Бу мақсад учун аҳоли жон бошига молиялаштириш механизми орқали 50 миллиард тенге ажратилган.

Шунингдек, мамлакатдаги 526 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 400 минг нафар ёш спортчи машғулот ўтказади.

“Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, мураббийлик фаолияти, спорт тиббиёти, спорт аналитикаси ва спорт менежменти йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайдиган Қозоқ миллий спорт университети ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда мамлакатда 26,5 мингта спорт иншооти фаолият кўрсатмоқда. Фақат жорий йилнинг ўзида 34 та янги иншоот фойдаланишга топширилди, уларнинг 21 таси қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Йил охирига қадар яна 87 та спорт иншоотининг қурилиши якунланади”, – дейилади Ҳукумат хабарида.

Ҳукумат маълумотларига кўра, оммавий спортнинг ривожланиши халқаро майдонлардаги юқори натижаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

“XXV Қишки Олимпия ўйинларида Қозоғистон фигурли учиш бўйича ўз тарихидаги илк олтин медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 19-ўринни эгаллади. XIV Қишки Паралимпия ўйинларида қозоғистонлик спортчи биатлон ва чанғи пойгаси бўйича олтин ва бронза медалларини қўлга киритди. Шунингдек, қозоғистонлик теннисчи Australian Open турнирининг аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида чемпион бўлди, стенддан ўқ отиш бўйича Жаҳон кубогида жаҳон рекорди такрорланди, қозоғистонлик шахматчи эса Norway Chess Women 2026 супертурнири ғолиби бўлди”, – деб таъкидлади Ҳукумат.

Йил бошидан буён қозоғистонлик спортчилар 11 та жаҳон чемпионати ва 26 та Осиё чемпионатида жами 152 та медални қўлга киритди. Улардан 99 таси олтин, 33 таси кумуш ва 20 таси бронза медалидир.

Шунингдек, Қозоғистонда қиличбозлик, стенддан ўқ отиш ва бочча спорт турлари бўйича Жаҳон кубоги мусобақалари, IBSA JUDO GRAND PRIX ASTANA халқаро турнири ҳамда дзюдо бўйича Grand Slam босқичлари юқори савияда ташкил этилди.