Қозоғистонда аёлларнинг пенсия ёши болалар сонига қараб қисқартирилиши мумкин

None
None
ASTANA. Kazinform - Ҳар бир туғилган бола учун аёлларнинг пенсия ёшини қисқартириш чораларини кўриш керак. Бу ҳақда ҚР Парламенти Мажилиси депутати Аманжан Жамалов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Мамлакатда аёлларнинг пенсия ёши 2028 йилгача 61 ёш этиб белгиланишига тўхталиб ўтган депутат яқин йилларда ҳукумат пенсия тизими бўйича оптимал қарор қабул қилиши кераклигини таъкидлади.

«Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги уч йилда аёлларнинг умр кўриш давомийлиги 77 ёшдан 75,5 ёшга, яъни 1,5 ёшга қисқарган. Шундай экан, юртимиз аёллари пенсия ёшига эртароқ етиб борса яхшироқ бўларди», — деди А.Жамалов Мажилис ялпи мажлисида Бош вазир Алихан Смаиловга йўллаган саволида.

Унинг сўзларига кўра, совет даврида аёллар 5-6 нафарга яқин бола туғиб, ишлаб чиқариш билан бирга уй юмушларида ҳам меҳнат қилган.

«Шунинг учун эрта пенсияга чиқиш аёллар ва оналарнинг меҳнати учун адолатли компенсация сифатида қараларди. Замонавий дунёда аёлларнинг меҳнат ва турмуш шароити ўзгарди. Биз гендер тенглигига интиламиз, меҳнат ва ишлаб чиқариш шароитлари яхшиланмоқда. Уй юмушлари осон ва хавфсизроқ бўлиб бормоқда. Бироқ, битта факт ўзгаришсиз қолди. Шу нуқтаи назардан, бола туғилгандан сўнг, аёллар вақтинча ишдан кетишади ва уларнинг касбий фаолияти ва тажрибаси тўхтайди. Мамлакатимизда ҳар бир аёл ўртача уч нафардан фарзанд дунёга келтиради. Уларнинг пенсиялари юқори бўлмайди, чунки бу даврда тегишли бадал ўтказилмаган. Шу билан бирга, аёллар учун эрта пенсия кўринишида имтиёзлар берилиши керак. Бироқ бундай ҳуқуқ адолатли, замонавий шароитларни ҳисобга олган ҳолда тақдим этилиши керак», - деди депутат.

«Ҳозирги кунда 53 ёшда 5 ва ундан ортиқ бола туғиб, уларни саккиз ёшга тўлгунга қадар тарбиялаган кўп болали оналаргина пенсияга чиқади. Менимча, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ҳукумат болали оналарнинг пенсия ёшини қисқартириш таклифини кўриб чиқиши керак. Ҳар бир туғилган бола учун пенсия ёши икки йилга қисқартирилиши керак. Бироқ, у 10 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга қисқартирилиши керак. Бунда 3 нафар фарзанди бор аёл 6 йил олдин нафақага чиқиши мумкин бўлади», — деди Аманжан Жамалов.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар