Қозоғистонда 50 та болалар соғломлаштириш марказлари қурилади
Давлат раҳбари топшириғига кўра 2027 йилгача 50 та болалар соғломлаштириш марказлари, болалар ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун 100 та янги йирик объектлар қурилади. Бу ҳақда Kazinform ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилда ҳудудларда 23 та болалар соғломлаштириш марказлари очилиши, қўшимча таълим учун 22 та замонавий муассаса қуриш режалаштирилган.
«Бугунги кунда 3,3 миллион бола қўшимча таълим билан қамраб олинган. Шу мақсадда турли йўналишлар: илмий-техникавий, мусиқий, бадиий-эстетик, экологик-биологик, туристик-ўлкашунослик, ҳарбий-ватанпарварлик, ижтимоий-педагогик йўналишлар бўйича 1713 та мактабдан ташқари 380 турдаги ташкилот ва тўгараклар фаолият кўрсатиб келяпти. Республикамизда жами 202 дан ортиқ болалар соғломлаштириш марказлари фаолият кўрсатмоқда, улардан 17 таси йил давомида ишалайди, 185 таси мавсумийдир. Қийин ҳаётий вазиятларда бўлган болаларга алоҳида эътибор қаратилади. Биринчи марта девиант хулқ-атвори бўлган 10 минг бола проактив форматдаги тўгараклар ёки секцияларга ёзилиш учун устувор ҳуқуқларга эга бўлди», - дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик таъкидлаганидек, янги объектлар қурилиши босқичма-босқич амалга оширилиб, санъат ва ижод йўналишидаги таълимнинг қулайлиги ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
“Ушбу ташаббуслар маданий-маърифий маконни кенгайтириб, мактаб ўқувчилари ва ёш истеъдод эгаларига ўз-ўзини англаш ва ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади”, — деб таъкидлади вазирлик