Қозоғистонда 2020 йил Волонтерлар йили деб эълон қилиниши мумкин
Қасим-Жомарт Тоқаев Қостанайда янги барпо этилган Ёшлар саройида бўлиб ўтган форум чоғида волонтерлар билан учрашди. ҚР Президенти мамлакат келажаги ёшлар қўлида эканлигини яна бир бор таъкидлади.
«Ёш дўстларим! Бугун барчангизни ушбу залда кўриб турганимдан хурсандман. Сиз - мамлакатнинг келажагисиз. Қозоғистон - ёшлар мамлакати. Бизни дунё танийди, билади. Бу ҳам мамлакатнинг тарихий муваффақиятларидан бири эмасми!? ҚР Президенти сифатида ҳамиша волонтерлар ҳаракатини қўллаб-қувватлашимни маълум қиламан», - деди Давлат рахбари.
Президент кўнгиллилар ҳаракати ҳақида БМТда ишлаб юрган кезлариданоқ хабари борлигини таъкидлаб ўтди.
«Мен ўша пайтларда ҳам кўнгиллиларга имкон яратиш кераклигини таъкидлаганман. Шунинг учун ҳам сизнинг келгуси йилни Волонтерлар йили деб эълон қилиш ҳақидаги таклифингизни қўллаб-қувватлайман. Кўнгиллилар - қалби пок инсонлар. Улар асл ватанпарварлардир, шунинг учун уларга нисбатан ҳурматим чексиз. Фаол фуқаро сифатидаги позициянгиз давлат тараққиётига яхши таъсир кўрсатиши тайин», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.