Қозоғистон Ўзбекистонга машинасозлик ва қурилиш соҳасида қўшма лойиҳаларни таклиф қилмоқда

TASHKENT. Kazinform - Қозоғистон Ўзбекистонга машинасозлик ва қурилиш саноатида умумий қиймати 55 млн долларлик бешта лойиҳани биргаликда амалга оширишни таклиф қилмоқда, деб хабар беради Kazinform ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлигига таяниб.
None
None

ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири Қайирбек Ўскенбаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади.

Вазир ўз нутқида жаҳон иқтисодиётини тубдан ўзгартириш даврида Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг ривожланиш суръатларини сақлаб қолиш учун минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Бир қатор соҳалардаги иқтисодий ҳамкорлик республикаларнинг сармоявий жозибадорлигини сақлаб қолишнинг самарали йўли бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, вазир «Туркистон-Чимкент-Тошкент» тезюрар йўловчи темир йўли лойиҳасини мисол тариқасида келтириб, Марказий Осиёда транспорт йўлакларини ривожлантириш ва модернизация қилишга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Қозоғистон Президенти Қ.Тоқаевнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ёғочсозлик, машинасозлик, электроника, тўқимачилик ва қурилиш материалларин ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган «Марказий Осиё» халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Ушбу лойиҳалар трансчегаравий савдо-логистика инфратузилмасини ва минтақа давлатлари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган.

«Бутун дунё бўйлаб тўғридан-тўғри инвестициялар камайиб, глобал рақобат кучаймоқда. Натижада барча давлатлар инвесторларни жалб қилиш учун янги қадамлар ва воситаларни изламоқда. Бундай ҳолда, Марказий Осиё мамлакатлари хорижий капитал учун янги йўналишга муҳтож. Жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва тенденциялар ҳар бир давлатдан инвестиция воситаларини такомиллаштиришни, ёндашув ва амалиётларни тизимли тушунишни талаб қилади», - деди Қ.Ўскенбаев.

Вазирнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда энг қулай институционал ва инфратузилмавий шароитлар яратилмоқда. Хусусан, инвестиция сиёсатининг янги концепцияси ишлаб чиқилиб, инвесторларни қўллаб-қувватлашнинг янги воситаси сифатида стратегик инвестиция келишуви жорий этилди.

Инвесторларнинг таклифларини муҳокама қилиш ва муаммоларни ҳал этиш учун Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Чет эл инвесторлари кенгаши, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенгаш, ҚР Бош вазири раислигида инвестиция штаб-квартираси ва инвестиция омбудсман иш олиб бормоқда. Қозоғистонда инвесторлар ҳимояси «Астана» халқаро молия марказининг мустақил суди ва инглиз ҳуқуқига асосланган халқаро арбитраж маркази томонидан кафолатланади.

Халқаро тажрибага асосланиб, Қозоғистонда 27 та саноат зонаси ва 13 та махсус иқтисодий зоналар мавжуд бўлиб, улар тайёр муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ҳамда кенг сармоявий имтиёзларни тақдим этади.

Янги босқичда Қозоғистондаги барча соҳалар чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида инвесторларни жалб этиш бўйича аниқ лойиҳа ва таклифлар ишлаб чиқилади.

Қайирбек Ўскенбаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги саноат соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлик ҳақида ҳам гапирди. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида машинасозлик, енгил саноат ва қурилиш соҳаларида умумий қиймати 22 миллион долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилди. Яқинда «Астана Моторс» компанияси 15 миллион доллар сармоя киритиб, Ўзбекистоннинг 7 шаҳрида 10 та дилерлик марказларини очди.

Айни пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистон машинасозлик ва қурилиш саноатида 55 миллион долларлик 5 та лойиҳани амалга оширмоқда. Улар: Қостанайда енгил автомобиллар ва тракторлар, Сарандада Howo юк автомобиллари, Чимкентда тиббий буюмлар ва шахсий гигиена воситалари, «Ангрен»да автоклавланган газбетон ишлаб чиқариш. Шунингдек, қурилиш индустрияси ва машинасозлик соҳасида умумий қиймати 348,5 миллион долларлик 6 та янги ҳамкорлик лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Қозоғистонни хомашё билан таъминлаш, кичик ва ўрта тадбиркорлик, инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар ва қайта ишланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон томонга яна 5 та лойиҳани биргаликда амалга ошириш таклиф этилмоқда. Булар: Павлодарда алюминий автомобил дисклари ва профиллари, Қарағанди вилоятида автомобил рақамлари, Атирау вилоятида полипропилен ва Ўзбекистонда паст кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқариш лойиҳалари.

«Тошкентдаги форум доирасида бизнес вакиллари билан 50 дан ортиқ икки томонлама учрашувлар ўтказдик. Улар орасида «Azia Metall Prof», «Dentafill Kazakhstan», «Orient Ceramic» компаниялари бор. Бунинг натижасида 10 дан ортиқ янги истиқболли лойиҳаларни янада ривожлантириш ва амалга ошириш учун белгилаб олинди», - деди вазир.

Якунда Кайирбек Ўскенбаев Марказий Осиё ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорлик бўйича конструктив мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.


Сўнгги хабарлар