Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик муваффақиятли бўлса, Марказий Осиёдаги вазият шунчалик барқарор бўлади – Тоқаев

Халқаро конгресслар марказида Президент Қасим-Жомарт Тоқаевни расман кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Сўнгра фахрий қоровул бошлиғи икки давлат раҳбарларига ҳисобот берди, Қозоғистон ва Ўзбекистон мадҳиялари янграганидан сўнг Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев расмий делегациялар таркибини бир-бирлари билан таништирди.
Шундан сўнг давлат раҳбарлари кичик гуруҳда музокаралар ўтказди. Қозоғистон Президенти Шавкат Мирзиёевга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдириб, давлат ташрифи муҳимлигини таъкидлади.
«Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Қозоқлар ва ўзбеклар бузилмас дўстлик ва ўзаро ҳурматга эга қардош халқлардир. Ҳар икки давлатнинг урф-одатлари, маданияти, тили ва дини муштарак. Тарихи ва тақдири бир бўлган мамлакатларимизнинг мақсадлари, мероси муштарак. Шунинг учун ҳам бугунги ташрифга алоҳида эътибор қаратаман. Яхши қўшничилик ва ишончли шерикликка асосланган муносабатларни янги босқичга кўтаришимизга ишонаман. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик яқин ва муваффақиятли бўлса, Марказий Осиёдаги вазият шунчалик барқарор бўлади»
, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шу билан бирга, Давлат раҳбари Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси билан танишганини ва ушбу муҳим ҳужжат Ўзбекистоннинг янада муваффақиятли ривожланишига йўл очишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Қозоғистон Президентини сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Президентининг таъкидлашича, Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ушбу ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бағишлайди, имзоланган ҳужжатлар аниқ ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бўлади.
Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларни кенгайтиришга эътибор қаратдилар ҳамда Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклигининг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, икки давлат Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шериклари ҳисобланади. Жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошиб, қарийб 5 миллиард долларга етди. Бундай кўрсаткичга саноат, машинасозлик, логистика, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали эришилгани таъкидланди.
Томонлар глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, кеча Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борган эди. Президент Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғидаги «Мустақиллик» монументи пойига гулчамбар қўйди. Давлат ташрифи бугун ҳам давом этмоқда.

Фото: akorda.kz