Қозоғистон ва Ўзбекистон атом энергетикасида стратегик мулоқотни давом эттирмоқда

TASHKENT. Kazinform — “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ҳамда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбит Атамқулов ўртасида ишчи учрашув ташкил этилди, деб хабар беради UzA.

учрашув
Фото: UzA

Мулоқот давомида томонлар тинчлик мақсадларида атом энергетикаси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, Жиззах вилоятида атом электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш жараёнлари, шунингдек, минтақада ядро ва экологик хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Қозоғистон вакиллари Ўзбекистоннинг Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига қўшилганини ижобий баҳолаб, мазкур қадам қўшни давлатлар учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратиши ва мамлакатнинг халқаро хавфсизлик талабларига содиқлигини намоён этишини таъкидлади.

Агентлик ахборот хизматига кўра, тадбирда кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, радиоэкологик кузатувларни ташкил этиш, экология ва сув ресурслари бўйича маълумот алмашиш, эҳтимолий фавқулодда ҳолатларда тезкор ахборот бериш ва жавоб чораларини мувофиқлаштириш каби йўналишларда ҳамкорлик қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари юзасидан ўзаро қизиқиш билдирилди.

Томонлар Қозоғистон Атом энергияси агентлиги вакилларининг 2026 йил учинчи-тўртинчи чоракларида “Ўзатом” агентлигига амалга оширилиши режалаштирилган ишчи ташрифи давомида мулоқотни изчил давом эттиришга келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўл транспорти ҳажмини 60 миллион тоннагача оширишга келишиб олди.

Сўнгги хабарлар