Қозоғистон ва Тожикистон президентлари кичик таркибда музокаралар ўтказди

Тоқаев ва Раҳмон
Фото: Ақорда

DUSHANBA. Кazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп томонлама шерикликнинг мустаҳкам асоси ҳисобланган олий даражадаги мунтазам учрашувларни алоҳида таъкидлаб ўтишини айтди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

– Аввало, қадимий тожик заминига қадам қўйганимданоқ менга кўрсатилаётган эҳтиром ва меҳмондўстлик учун самимий миннатдорчилик билдираман. Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда жадал ривожланмоқда. Биз ишончли иттифоқчилармиз. Қозоғистон томони Тожикистоннинг қозоқ халқига бўлган хайрихоҳлигини юқори баҳолайди. Лекин бу билан тўхтаб қолмаслик керак. Биз олдинга боришимиз лозим. Мазкур ташриф ҳамкорлигимиз ривожига янги суръат бағишлашга хизмат қилади. Бугун Иттифоқ муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланади. Менимча, бу ҳужжат катта тарихий аҳамиятга эга. Шу муносабат билан бир қатор долзарб масалалар юзасидан мазмунли фикр алмашамиз, деб ўйлайман, – деди Қозоғистон Президенти.

Эмомали Раҳмон икки томонлама ҳамкорликни юқори баҳолаб, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини таъкидлади.

Тоқаев ва Раҳмон
Фото: Ақорда

 

- Муҳтарам Қасим-Жомарт Кемелули, Тожикистонга хуш келибсиз! Мамлакатимизга давлат ташрифи билан келганингиздан хурсандмиз. Ишончим комилки, ушбу ташриф икки томонлама муносабатларимизга янги суръат бағишлайди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва хавфсизлик каби соҳалардаги ҳамкорлигимиз жадал ривожланмоқда. Мен Сиз билан икки мамлакат ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишга тайёрман, - деди Тожикистон Президенти.

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, транспорт-транзит, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик, шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалигини рақамлаштириш, интеграциялашув масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Қозоғистон ва Тожикистон иқтисодиёти ривожига янги суръат бағишловчи сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Тожикистон Республикасига давлат ташрифи билан боргани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар
telegram