Қозоғистон ва Сингапур президентлари музокара ўтказди

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган Сингапур Президенти Ҳалима Якоб билан музокаралар ўтказди, дея хабар беради Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.
None
Фото: t.me/aqorda_resmi

Музокаралар бошланишидан аввал «Ақорда» қароргоҳида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Фахрий қоровул бошлиғи давлат раҳбарларига ҳисобот берди. Икки давлат мадҳиялари янграб, бирга суратга тушгач, президентлар кенгайтирилган мажлис ўтказиш учун залга йўл олди.

Томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар, Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларини алоҳида таъкидладилар.

photo

Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳалима Якобга ҳурмат билан, унинг мана шундай оғир даврда Сингапурни бошқаришдаги етакчилигини юқори баҳолади.

«Сингапур Президентининг Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Қозоғистонга ташриф буюриши биз учун катта шарафдир. Қозоғистонга ташрифингиз тарихий воқеадир. Ишончим комилки, ушбу ташриф ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади. Қозоғистон Сингапур билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш ниятида», – деди Давлат раҳбари.

Жорий йил март ойида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. ҚР Президенти шу даврда мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончли сиёсий мулоқот, фаол парламентлараро алоқалар йўлга қўйилганини таъкидлади.

photo

Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Давлат раҳбари бугунги кунда мамлакатда 140 дан ортиқ Сингапур компанияси ва қўшма корхонаси фаолият юритаётганига эътибор қаратди.

«Сингапурнинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган сармоясининг умумий ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошди. Иқтисодий қийинчиликлар ва пандемияга қарамай, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2 миллиард долларга етди. Менимча, бу жуда яхши натижа», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори яратилганини алоҳида таъкидлади. Бу борада яқинда ташкил этилган Қозоғистон-Сингапур ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутади.

«Биз Сингапурга сайёҳ сифатида борадиган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаймиз. Албатта, юртингиздан келаётган сайёҳлар, ишбилармонлар учун эшикларимиз доимо очиқ. Шунинг учун яна бир бор айтмоқчиманки, Қозоғистон мамлакатингиз билан яқин муносабатлар ўрнатишга тайёр», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ўз навбатида Ҳалима Якоб Қасим-Жомарт Тоқаевга уни давлат ташрифи билан таклиф этгани, шунингдек, Сингапур делегациясига ва унга кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди. Сингапур Президенти мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро манфаатли шериклик даражасини юқори баҳолади.

«Тўғри айтасиз. Бу Сингапур президентининг Қозоғистон ва умуман Марказий Осиёга илк ташрифидир. Шунинг учун бу жуда муҳим сафар. Қозоғистон биз учун Марказий Осиё минтақасида жуда муҳим ҳамкордир. Чунки биз мамлакатингизни минтақадаги етакчи давлат сифатида тан оламиз. Бу биз учун жуда муҳим ва биз кўп йиллардан бери яхши муносабатлардамиз. Бизни нафақат яқин муносабатларимиз, балки очиқлик ва интизом каби тамойилларга содиқлигимиз ҳам боғлаб туради. Бу Қозоғистон учун ҳам, биз учун ҳам муҳим», – деди Сингапур Президенти.

photo

Бундан ташқари, Назарбаев университетининг Давлат сиёсати олий мактаби ва Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари экспорт имкониятларини кенгайтириш, Қозоғистон ҳудудида қўшма корхоналар очиш юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, Алмати яқинидаги «G4City» агломерациясини қуриш билан боғлиқ қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, молия институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Шу билан бирга, президентлар Транскаспий халқаро транспорт йўлаги ва «Бир йўл – бир камар» ташаббусини интеграциялаш, мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини очиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, суҳбат чоғида халқаро кун тартибидаги қатор долзарб масалалар, жумладан, Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги кўп томонлама тузилмалар доирасидаги муносабатлар муҳокама этилди.


Сўнгги хабарлар