Қозоғистон ва Покистон ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор – ҚР Ташқи ишлар вазирлиги

NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 48-сессиясида иштирок этиш доирасида Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати раҳбарияти билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ хабар беради.
Покистон Бош вазири Имрон Хон билан учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Покистон Бош вазири Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилиш Покистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Сенат Спикери Содиқ Санжроний билан учрашувда парламент дипломатиясини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди. Ташрифлар жадвали ва парламентлараро ҳамкорликнинг янги турлари муҳокама қилинди.
ПИР Ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қурейши билан музокаралар чоғида М. Тлеуберди ҳамкасбини Покистон миллий куни ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табриклади. Томонлар юқори ва олий даражадаги тадбирлар жадвалини, шунингдек, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ташриф доирасида вазир М.Тлеуберди ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг бошқа делегациялари раҳбарлари Покистон Ислом Республикаси Президенти доктор Ариф Алви билан жамоавий йиғилишда ҳамда Покистон Ислом Республикаси Мустақиллигининг 75 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда иштирок этдилар.