Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айланмаси 41,5 фоизга ошди
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги ва агросаноат мажмуаси маҳсулотларининг товар айланмаси 511,3 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 41,5 фоизга ошди.
Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг агросаноат сиёсати бўйича кенгашининг 7-йиғилиши доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари — сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков билан учрашди.
Учрашув давомида вазирлар агросаноат мажмуасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдо ҳажмини ошириш, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
2025 йил якунларига кўра, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айланмаси 511,3 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 41,5 фоизга ошган. Қозоғистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 418,9 миллион АҚШ долларига етган.
2024 йилга нисбатан донли экинлар етказиб бериш ҳажми 4 баравардан кўпроқ, мойли экинлар эса 1,5 бараварга ошган.
Қозоғистон дон ва мойли экинларни қайта ишлаш маҳсулотлари, кунжара, кунгабоқар ёғи, парранда гўшти ва талаб юқори бўлган бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмини оширишга тайёр.
“Ўзаро савдода барқарор ижобий динамикани кўряпмиз ва унинг ҳажмини янада ошириш, етказиб берилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдормиз”, — деди Айдарбек Сапаров.
Томонлар тегишли идоралар томонидан аввал имзоланган 2026-2027 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш бўйича Йўл харитаси доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди.
Ҳужжат етказиб бериладиган маҳсулот турларини кенгайтириш, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қабул қилишни назарда тутади.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири — қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича Қозоғистон-Қирғизистон ишчи гуруҳи фаолиятидир.
“Қирғиз Республикаси Қозоғистон билан агросаноат мажмуаси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Биз ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантиришдан ҳам манфаатдормиз. Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имконини беришига ишонаман”, — деди Эрлист Акунбеков.
Учрашув якунлари бўйича вазирлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.