Қозоғистон ва Италия бизнес гуруҳлари алоқаларини мустаҳкамлайди

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Италия ўзаро савдо ҳажмини янада оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Акордада Италия Президенти Сержо Маттарелла билан музокаралардан сўнг берган қўшма баёнотида маълум қилди.

учрашув
Фото: Ақорда

— Икки давлат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик вақт ўтиши билан кенгайиб бормоқда. Сиёсий мулоқотимиз юқори савияда. Биз иқтисодий соҳада кучли интеграцияни йўлга қўйдик. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич 11,3 миллиард долларни ташкил этди. Италия бизнинг энг йирик сармоявий шерикларимиздан биридир. Қозоғистонда 250 дан ортиқ Италия компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда. 2005 йилдан буён бу мамлакат Қозоғистон иқтисодиётига 7,6 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди. Бу борадаги муносабатларимиз муваффақиятли ривожланмоқда, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев ҳозиргина жаноб Сержо Маттарелла билан мазмунли музокаралар ўтказганини таъкидлади.

— Ўтган йили Римда расмий ташриф билан бўлганимдан хабарингиз бор. Ўша ташриф доирасида кўплаб келишувларга эришдик. Бугун биз ушбу келишувларни амалга оширишни муҳокама қилдик. Ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашнинг янги йўналишлари ҳақида ҳам гаплашдик. Ўзаро савдо ҳажмини янада оширишга келишиб олдик. Товар турларини кўпайтириш учун, аввало, ишбилармон гуруҳларнинг алоқаларини янада мустаҳкамлаш зарур. Бу муҳим вазифадир, — деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Италия Президенти Сержо Маттареллани биринчи даражали “Достық” ордени билан тақдирлаган эди.

Сўнгги хабарлар