Қозоғистон ўз тажрибасида тинч-тотув яшаш йўлини яққол кўрсатиб берди — Ниёзов
ASTANA. Kazinform — Европа мусулмонлари форуми президенти Абдул-Воҳид Ниёзов Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойининг муҳим ўрни, Қозоғистон Президентининг тинчлик йўлидаги позицияси ҳақида фикр билдирди.

«Бизга маълумки, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев маълум вақтдан бери ушбу қурултойга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Шунинг учун ҳам диний-маънавий масалалар муҳокамасига ёшлар ҳам жалб этилмоқда, чунки келажагимиз бевосита уларга боғлиқ. Хусусан, Қозоғистон ўз ташаббуси билан маънавий масалаларга юзаки ёндашмасликка чақирмоқда. Бу борада мавжуд ҳолатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари Қурултойи доирасида барча давлатлар қамраб олинган. Қозоғистон ҳам яна бир бор ўз платформасини тақдим этиб, дин арбобларининг бу борадаги муаммоларни эркин муҳокама қилиши учун шароит яратиб берди», – деди А.Ниёзов.
Унинг сўзларига кўра, бугун конгресснинг ялпи мажлисида Ғазодаги вазият бўйича кўплаб таклифлар эълон қилинган.
«Миллатлараро ва динлараро ўзаро ҳурмат сиёсатини олиб бораётган давлат сифатида Қозоғистондан ўрнак оламиз. Бу борада бугунги қурултойда яхши маълумотлар олдик. Қозоғистон Президенти ялпи мажлисда қозоқ, рус ва инглиз тилларида ҳам ўз ташаббусларини тақдим этди. Бу борада Қозоғистон ўз тажрибасида тинчлик, ўзаро тушуниш ва ҳурматда яшаш йўналишини дунёга яққол кўрсатиб берди», - деди Европа мусулмонлари форуми президенти.
Аввал хабар қилинганидек, бугун пойтахтдаги Мустақиллик саройида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII қурултойи иши бошланди.
Давлат раҳбари Яқин Шарқдаги вазият ниҳоятда мураккаб эканини таъкидлаб, Жаҳон динлари етакчилари қурултойи меҳмонларини очиқ фикр алмашишга чақирди.