Қозоғистон Сингапурга жуда муҳим хомашё етказиб беришга тайёр – ҚР Президенти

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қозоғистон-Сингапур бизнес-форумида Қозоғистон Сингапурга муҳим хомашё ва табиий ресурсларни етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Қасым-Жомарт Тооқаев Сингапурда
Фото: Ақорда

“2040 йилга бориб нодир металларга жаҳон талаби тўрт баробар ошишини ҳисобга олсак, 5 мингга яқин ўрганилмаган конга эга Қозоғистон бу салоҳиятни биргаликда ўзлаштиришда ишончли ҳамкор бўлиши мумкин. Қозоғистондаги мис ва фосфат конларини қидиришдан манфаатдор бўлган Indorama компанияси билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга умид қиламиз”, – деди Давлат раҳбари.

Давлат раҳбари Қозоғистоннинг қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги улкан салоҳиятига қизиқиш ортиб бораётганини қайд этиб, Сингапур компанияларини экологик тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, бу борада технология ва тажриба алмашишга таклиф қилди.

“Сингапур чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқарадиган илғор телнологиялари ва чиқиндиларни бошқаришнинг инновацион технологиялари билан машҳур. Чиқиндиларни бошқаришнинг бундай инновацион усулидан манфаатдормиз ва бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз”, – деди Президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, жуғрофий масофа ва алоқанинг ёмонлиги кўп йиллар давомида икки давлатнинг иқтисодий интеграциясига тўсқинлик қилиб келган.

Бугунги кунда глобаллашув ва ривожланган инфратузилма туфайли мамлакатлар ўртасидаги алоқа аввалгидан анча яхшиланди. Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоғистон темир йўли” маҳаллий компанияси ва Сингапурнинг PSA International компанияси ўртасидаги Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки “Ўрта коридор” салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган синергик ҳамкорликни мисол қилиб келтирди.

“Бу йўналиш Евроосиё маконидаги ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Бу Марказий ва Шарқий Осиёдан Европага энг тез ва барқарор йўл. Ишонамизки, Сингапур компаниялари ва молия институтлари ушбу соҳадаги бизнес ва сармоявий имкониятларни ўрганишдан катта фойда олишлари мумкин. Вьетнамнинг SOVICO Group томонидан Qazaq Airнинг хусусийлаштирилишини олқишлайман. Бу Қозоғистон ва АСЕАН давлатлари ўртасидаги ҳаво алоқаларини қайта тиклаш имконини беради”, – деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик катта аҳамият касб этишига эътибор қаратди. Сингапур компанияларига қўшма агроинновацион марказлар ташкил этиш, юқори аниқликдаги деҳқончилик ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш йўналишларида ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.

Сўнгги хабарлар