Қозоғистон ШҲТ Тараққиёт банки штаб-квартирасини жойлаштиришга тайёр — Президент
BISHKEK. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фикрича, савдо-иқтисодий ва инвестицион шериклик доирасини кенгайтириш стратегик аҳамиятга эга. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари саъй-ҳаракатларни бирлаштириш натижасида ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир триллион долларга яқинлашганига эътибор қаратди.
“Бироқ, бизнинг фикримизча, иқтисодий алоқалар имкониятларидан ҳали тўлиқ фойдаланаётганимиз йўқ. ШҲТга аъзо давлатларнинг ресурс, ишлаб чиқариш ва технологик салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиб, янги ўсиш йўналишлари ва барқарор ишбилармонлик алоқаларини шакллантириш муҳим. Қозоғистон ШҲТнинг кенг қамровли савдо-инвестиция макони шаклланишидан манфаатдор. Тўсиқлар минимал даражага туширилган, рақамли тартиб-таомиллар ва транспорт-логистика алоқалари ривожланган муҳитни яратиб, келишувлардан аниқ ташаббусларга ўтиш керак, деб ҳисоблаймиз. Пилот лойиҳа сифатида саноат консорциумлари механизмларини жорий этишни таклиф қиламиз. Бу давлатларга бошқа иштирокчиларни кутмасдан, тайёр бўлган лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Кейинчалик муваффақиятли ташаббусларни бутун Ташкилот ҳудудида кенг жорий этиш мумкин”, — деди Давлат раҳбари.
Президент ҳозирги чегараолди ҳамкорлик марказлари негизида ШҲТ трансчегаравий савдо ҳудудларини ишга тушириш мумкин, деб ҳисоблайди.
“Бу орқали товар алмашинувининг оптималлаштирилган усулларини, рақамли тартиб-таомилларни ва замонавий ҳисоб-китоб механизмларини синовдан ўтказиш мумкин. Яна бир устувор йўналиш — тўлақонли инвестициявий тизимни шакллантириш. Қозоғистон Хитойнинг ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Молия ташкилоти ресурсларини, аввало, инфратузилма, технология ва саноат лойиҳаларига йўналтириш мақсадга мувофиқ. Аъзо давлатларнинг умумий келишуви мавжуд бўлган тақдирда, Қозоғистон мазкур институтни, унинг штаб-квартирасини ўз ҳудудида жойлаштиришга тайёр”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, Тоқаев ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этди.