Қозоғистон Президенти Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Олий суди раислари билан учрашди

ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Олий судларининг иккинчи конференциясида иштирок этиш учун келган Озарбайжон Республикаси Олий суди раиси Инам Керимовни, Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси Медербек Сатиевни, Туркия Республикаси Кассация суди раиси Омер Керкезни, Туркия Республикаси Давлат кенгаши раиси Зеки Йигитни ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмоновни қабул қилди.

в
Фото: Ақорда

Президент меҳмонларга мурожаат қилиб, Туркий Давлатлар Ташкилотининг қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида ролини таъкидлади.

“Шу ўринда ташкилотга аъзо давлатларнинг адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги тобора ортиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Эртага Туркистонда бўлиб ўтадиган коллегиал йиғилиш бунинг яққол ифодаси бўлади. Ҳар бир маданиятли мамлакатнинг ўсиши ва фаровонлиги учун суд тизими катта аҳамиятга эга. Шунинг учун олий судлар ўртасидаги яқин алоқаларни чуқурлаштириш қардош мамлакатларимизнинг умумий манфаатларига тўлиқ жавоб беради”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари кўплаб мамлакатлар глобал технологик ўзгаришлардан орқада қолмаслик учун замон талабларига мос равишда жадал ривожланиш йўлига қадам қўяётганига эътибор қаратди.

“Биз ҳам кучларимизни бирлаштириб, шу йўналишда ҳаракат қилишимиз керак. Эртага Туркистонда бўлиб ўтадиган конференцияда суд соҳасини рақамлаштириш масаласи батафсил муҳокама қилинади. Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилади. Айтиш мумкинки, бундай кун тартиби жуда ўринли ва долзарбдир. Ушбу масалалар бўйича фикр алмашиш, шубҳасиз, ташкилотимизни янада ривожлантириш ва унинг нуфузини мустаҳкамлашга катта туртки беради. Барчангизга маълумки, Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги барча яхши ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ва келажакда ҳам шундай давом этади”, - деди Давлат раҳбари.