Қозоғистон Президенти Ислоҳотлар бўйича Олий Кенгаш йиғилишини ўтказди
Президентнинг сўзларига кўра, Ҳукумат томонидан ташкил этилган Инқирозга қарши курашни мувофиқлаштириш бўйича тезкор гуруҳ Россияга эълон қилинган санкцияларнинг Қозоғистон иқтисодиёт тармоқларига таъсирини ҳар томонлама таҳлил қилиб, вазият юзасидан чора кўриши ва ягона чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши керак. Президент Ҳукуматни бу борада зудлик билан чора кўришга, ишбилармон доиралар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.
Қасим-Жомарт Тоқаев иқтисодий таҳлиллар асосида корхоналарни, зарурат туғилганда аҳолининг айрим гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу йилги республика бюджети ҳам қайта кўриб чиқилди.
Давлат бюджетининг даромад қисмини мустаҳкамлаш бўйича биринчи масала юзасидан Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маъруза қилди. Унга кўра, бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш мақсадида қаттиқ фойдали қазилмаларнинг уч тури бўйича фойдали қазилмалар ишлаб чиқариш солиғи ставкасини ўртача 3 баробарга ошириш таклиф этилмоқда. Бу бюджет даромадларини 300 миллиард тенгега оширади.