Қозоғистон Президенти АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди
Суҳбат чоғида Қозоғистон-Америка муносабатларини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. АҚШ Конгрессидаги Қозоғистоннинг дўстлар гуруҳи фаолияти доирасида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари АҚШ конгрессменларининг ташрифи парламент дипломатиясини ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим эканини қайд этди, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди.
Президент конгрессменларга мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қозоғистон халқига Мурожаатномасининг асосий қоидалари ҳақида сўзлаб берди.
Ўз навбатида, конгрессменлар Давлат раҳбарига учрашиш имконияти учун миннатдорлик билдириб, унинг Қозоғистонда кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар.