Қозоғистон коллежларида битта талаба учун ажратиладиган маблағ икки баробар ортади
ASTANА. Кazinform — ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев Ҳукумат йиғилишида “Ишчи касблари йили” доирасида касб-ҳунар ва техник таълим ташкилотларини молиялаштириш оширилишини маълум қилди.
— Техник ва касб-ҳунар таълими ташкилотлари учун узоқ кутилган янгилик шуки, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб жон бошига молиялаштириш ҳажми ортади. Жон бошига меъёрий молиялаштиришнинг амалдаги методологиясига кўра, 1 нафар талабани ўқитиш учун ажратилган маблағ ўртача 437 минг тенгени ташкил этган бўлса, эндиликда у ўртача 912 минг тенгени ташкил этади, — деди вазир.
Унга кўра, янги молиялаштириш стандарти асосий ва рағбатлантирувчи қисмдан иборат.
— Шу билан бирга, аниқ кўрсаткичларга эришган коллежларга рағбатлантириш тўловлари ҳам берилади. Янги молиялаштириш тизими рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, таълим муассасаларини замонавий моддий-техник воситалар билан таъминлаш, педагог кадрлар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш имконини беради, – деди Ғани Бейсембаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент фармони билан 2025 йил Ишчи касблари йили деб эълон қилинган эди.