Қозоғистон интеллектуал рақобатнинг минтақавий хабига айланди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон халқаро таълим ва илмий маконда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда, талабалар учун нуфузли олимпиадалар ва фан мусобақаларининг минтақавий ва халқаро хабларидан бирига айланмоқда. Бу ҳақда Таълим-маориф вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, бу жараён Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакат тараққиёти учун стратегик устуворлик сифатида таълим ва фанни ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг яққол ифодасидир. Давлат стратегиялари доирасида мамлакатда иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш бўйича тизимли ва кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

— 2026 йил январь-апрель ойларида Қозоғистонда тўртта йирик халқаро таълим ва илмий мусобақалар юқори даражада ташкил этилди. Бу мамлакатнинг халқаро академик ҳамжамиятдаги обрўси барқарор ўсиб бораётганидан далолат беради, — дейилади хабарда.
Алматида бўлиб ўтган математика, физика ва информатика бўйича ХХII Халқаро Жаутиков олимпиадаси дунёнинг 16 та мамлакатидан 600 дан ортиқ ўқувчини бирлаштирди. Иштирокчилар орасида Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Россия, Руминия, Тожикистон, Туркманистон, Индонезия, Ҳиндистон ва Ўзбекистон вакиллари бор эди. Мусобақа натижаларига кўра, 324 та медаль топширилди, бу иштирокчиларнинг юқори академик тайёргарлиги натижасидир.

Астана шаҳри да бўлиб ўтгпан Alem Tech Fest 2026 фестивали Марказий Осиёдаги энг йирик робототехника ва СТEМ технологиялари платформасига айланди. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эстония, Вьетнам ва Хитойнинг Гонконг автоном маъмурий ҳудудидан 5 мингдан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Натижада Қозоғистоннинг робототехника миллий жамоаси тузилди ва энг яхши 16 та жамоа АҚШда бўлиб ўтадиган FIRST Championship 2026 жаҳон финалига йўлланма олди.
8-12 апрель кунлари Астанада космик тадқиқотлар соҳасидаги ёш тадқиқотчиларни бирлаштирган 20- "Илм-фан дунёсини очиш" халқаро илмий танлови бўлиб ўтди. Қозоғистон, Хитой ва Туркиядан 200 га яқин ўқувчи иштирок этган танлов натижасида 115 нафар совриндор аниқланди. Лойиҳа ёш авлоднинг илмий тадқиқот фаолиятига қизиқишини ошириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган эди.

Шунингдек, Қозоғистон, Таиланд ва Туркиядан 135 нафар ёш тадқиқотчи Астанада бўлиб ўтган О. Жолдасбеков номидаги математика ва механика бўйича халқаро тадқиқот лойиҳалари танловида иштирок этди. 99 та лойиҳадан 77 таси совринли ўринларни эгаллади, бу эса халқаро илмий мусобақаларнинг юқори даражасини намойиш этади.
Шундай қилиб, Қозоғистон халқаро олимпиадалар ва илмий мусобақаларни ўтказадиган минтақавий таълим хабига айланмоқда. Бу жараён нафақат мамлакат таълим тизимининг рақобатбардошлигини оширади, балки халқаро илмий ва академик маконда қозоқ тилидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга ва унинг мақомини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонлик ўқувчилар халқаро математика олимпиадасида учта медални қўлга киритди.