Қозоғистон Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларига транспорт-логистика консорциуми яратишни таклиф қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - «Марказий Осиё – Ҳиндистон» саммити чоғида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатлар раҳбарларига минтақалараро транспорт-логистика консорциумини яратиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Марказий Осиё жаҳон иқтисодий алоқалари тизимида улкан транспорт-логистика салоҳиятига эга. Қозоғистон ҳудудидан 11 та халқаро транзит йўлаклари ўтади. Бешта темир йўл ва олтита автомобил йўналиши Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларида юкларнинг юқори тезликда ҳаракатланишини таъминлайди. Шимоли-ғарбий йўналишда Евроосиё иқтисодий иттифоқи маконида умумий божхона ҳудудини ҳисобга олган ҳолда Россия бозорига, шунингдек, Шарқий Европанинг бир қатор мамлакатларига тўсиқларсиз кириш имконияти мавжуд», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев саммит чоғида.

Давлат раҳбари, шунингдек, «йилига 26 миллион тонна юк ўтказиш қувватига эга бўлган, Қозоғистоннинг Ақтау ва Қуриқ портлари орқали ўтадиган жануби-ғарбий йўналиш ҳам бундан кам истиқболли эмаслигини» таъкидлади.

«Каспий денгизи орқали улар Каспий минтақаси давлатлари, Туркия ва ундан кейин Ғарбга чиқиш имконини беради. Сўнгги ўн йил ичида Қозоғистон миллий транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қарийб 30 миллиард доллар сармоя киритди. Келгусида биз уни модернизация қилишга катта сармоя киритишда давом этамиз. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларимиз учун бу стратегик аҳамиятга эга масала. Ишончим комилки, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги архитектурасининг асосий элементи ишончли, самарали ва хавфсиз транзит инфратузилмасини яратиш бўлиши керак», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Шу муносабат билан Президент ҳудудлараро транспорт-логистика консорциумини ташкил этишни таклиф қилди.

«Бунинг учун минтақалараро транспорт-логистика консорциумини яратиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қиламан. Бу тузилма Ҳиндистон йўналишидаги транспорт йўналишларини тўлиқ ва ўзаро манфаатли юклаш, Каспий денгизи ва Форс кўрфази портлари бўйича миллий сиёсатни самарали мувофиқлаштиришни таъминлаши мумкин», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг 80%и Қозоғистон ҳиссасига тўғри келиши хабар қилинганди.

Муаллиф: Ақбота Кузекбай

Сўнгги хабарлар
telegram