Қозоғистон Green Future Index рейтингида 33-ўринга кўтарилди
Ушбу рейтингда етакчи мамлакатларнинг паст углеродли истиқболларни шакллантиришдаги тараққиёти, иқтисодиётнинг, хусусан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, ижтимоий соҳани яшил технологияларга ўтиши ҳисобга олинади.
Шундай қилиб, рейтинг мамлакатларнинг қайта тикланадиган энергетика, инновация ва «яшил» молиялаштиришга қўйган сармояларига қаратилган. Жадвалда иқтисодиётнинг ўрганилаётган тармоқлари ўртасидаги боғлиқлик кўрсатилган ва углерод чиқиндилари ҳажми, яшил жамият ривожланиши, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш, эко-инновация ва иқлим сиёсати бўйича умумий баҳо берилган.
Натижада, Қозоғистон умумий 4.9 балл олди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат 2030 йилга қадар қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергиясини ишлаб чиқариш улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилганлигини эълон қилганди.
Исландия, Дания, Норвегия, Франция ва Ирландия рейтингнинг кучли бешлигига кирди. Ундаги сўнгги ўринларни бугунги кунда Жазоир, Россия, Эрон, Парагвай ва Катар эгаллаб турибди.