Қозоғистон Германияни нефть билан таъминловчи асосий 4 давлатдан бири – ҚР Президенти
«Яна бир ўта муҳим йўналиш – маданий-гуманитар алоқалар. Мамлакатда 226 минг немис миллати вакиллари истиқомат қилади. Улар Қозоғистон тараққиётига катта ҳисса қўшяпти. Германияда 1 миллиондан ортиқ собиқ ватандошларимиз истиқомат қилади. Бу халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамловчи олтин кўприкдир. Биз бу борадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятидамиз», – деди ҚР Президенти.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари Германия Президенти билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўллари муҳокама этилганини айтди.
«Қозоғистон Германиянинг Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Германиянинг Марказий Осиё давлатлари билан узоқ масофали алоқаларининг 83 фоизи мамлакатимизга тегишли. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистон Германиянинг 50 та энг йирик иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради. Шунингдек, бу мамлакатни нефть билан таъминловчи асосий 4 давлатдан бири ҳисобланади. Биз иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйдик. Ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун мен Президент Штайнмайерга ҳар икки давлат манфаатларига мос келадиган бир қатор аниқ таклифлар билан чиқдим», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Муаллиф: Марлан Жиембай