Қозоғистон фуқаролари қайси хорижий давлатларда диний таълим олишлари мумкин

None
ASTANA. Kazinform – ҚР Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги фуқаролар қайси давлатларда диний таълим олиши мумкинлигини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Бугун қозоғистонликлар теологик (диний) таълимни Миср Араб Республикаси, Туркия Республикаси, Саудия Арабистони Қироллиги, Иордания Ҳошимийлар Қироллиги, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатларда оладилар. Бу борада ёшларимизни радикал оқимлар таъсиридан асраш мақсадида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) таниқли диний олий ўқув юртлари, яъни «Ҳасеки» институти (Туркия Республикаси), Ал-Азҳар университети (Миср Араб Республикаси), Тошкент Ислом университети (Ўзбекистон) ва Россия Ислом университети (Россия Федерацияси) ўртасида шартнома имзоланди.

«Агар Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг тавсияси бўлса, қозоғистонликлар юқорида кўрсатилган таълим муассасаларининг исталган бирига ўқишга киришлари ва малака ошириш курсларида қатнашишлари мумкин», -дейилади вазирлик агентликнинг расмий сўровига жавобида.

Масалан, бошқарма маълумотларига кўра, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва Туркия Республикаси Дин ишлари бошқармаси ўртасидаги келишув доирасида 2023-2024 йил учун Туркиянинг Ҳасеки институтига Қозоғистондан 25 нафар фуқаро қабул қилинган.

Мазкур таълим муассасасига 2013-2022 йилларда жами 189 нафар Қозоғистон фуқароси ўқишга қабул қилинган бўлса, бугунги кунда 102 нафар битирувчи 3 йиллик ўқишни тугатиб, мамлакатга қайтган.

«Бундан ташқари, Ал-Азҳар университети мамлакатимизнинг олий маълумотли диний кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшиб келяпти. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси маълумотларига кўра, ушбу таълим муассасасида 80 нафар талаба таҳсил оляпти», - дейилади вазирлик хабарида.

Сўнгги хабарлар