Қозоғистон Европага 2,3 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилишга тайёр – Бош вазир
Алихан Смаиловнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг савдо соҳасидаги энг йирик ва муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб, мамлакат ташқи савдосининг 30 фоизга яқини Европа Иттифоқига тўғри келади.
Масалан, ўтган йили товар айланмасининг ўсиши 38 фоиздан ошди ва қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.
Бу йил ҳам бу кўрсаткич жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда: 3 ойда савдо ҳажми 12,5 фоизга ўсди ва 10 миллиард доллардан ошди.
Шу муносабат билан Қозоғистон Европага умумий қиймати қарийб 2,3 миллиард доллар бўлган 175 та товар экспортини оширишга тайёр.
«Биз Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик сифатини оширишга устувор аҳамият берамиз ва Қозоғистон ва Европа ўртасидаги ишонч ва ҳурматга асосланган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятидамиз», — деди Бош вазир.
Шу билан бирга, Һукумат раҳбари Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.
Хусусан, Европа Иттифоқидан Қозоғистон иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри сармоя ҳажми ўтган йили қарийб 23 фоизга ошиб, 12,5 миллиард долларни ташкил этди ва бу охирги 10 йилдаги рекорд кўрсаткичдир.
– Биз сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун барча имкониятлардан фойдаланишдан манфаатдормиз, – деди Алихан Смаилов.
Ўз навбатида Валдис Домбровскис Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар жуда жадал ривожланаётганини таъкидлади.
«Биз Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида юк ташишнинг янги йўллари ва имкониятларини ривожлантиришдан манфаатдормиз. Бунинг учун минтақадаги лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш зарур, бу эса транспорт жараёнида тўсиқларни бартараф этиш ва инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади», — деди Валдис Домбровскис.
Муаллиф: Алма Муқанова