Қозоғистон Евроосиё транзит хаби сифатида ўз ролини кучайтириш ниятида - Тоқаев

None
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V Маслаҳат учрашувида саноат кооперацияси масаласини кўтарди, дея хабар беради Кazinform Ақордага таяниб.
«Бугунги кунда глобал ишлаб чиқаришда қисқа, минтақавий, барқарор таъминот занжирларини шакллантириш тенденцияси кузатилмоқда. Бу борада озиқ-овқат, енгил саноат, қурилиш ва кимё саноати соҳаларида маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кластер кооператив лойиҳаларини яратиш учун катта имкониятлар мавжуд. Шу муносабат билан Марказий Осиё давлатларининг саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни таклиф қиламан. Бу режа айрим турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ёпиқ циклини яратади ва келажакда уларни учинчи давлатлар бозорларига экспорт қилишга йўналтирилади», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатларнинг транспорт-логистика салоҳияти тўлиқ амалга оширилиши керак.

Бу соҳа, аслида, ҳудуднинг жадал ривожланишида таянч бўла олади.

«Биз дунёда янги иқтисодий география шаклланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Хитой, Европа, Россия ва Яқин Шарқ йўналишлари бўйича савдо ҳажми ошиши кутилмоқда. Марказий Осиё шимолий ва жануб, ғарб ва шарқни боғловчи глобал йўлларнинг туташган жойида жойлашган. Бу бизнинг муҳим устунлигимиз бўлиб, минтақа келажагига йўл очади. Ҳозирги вақтда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши алоҳида ўрин тутади. Ўрта муддатли истиқболда мазкур йўлак орқали юк ташиш ҳажми беш баробарга ошиши мумкин. Биз рақамли ечимларни жорий этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш орқали унинг қувватини тизимли равишда ошириш ниятидамиз», — деди у.

Президент, шунингдек, минтақалараро савдога тўсқинлик қилаётган «заиф нуқталар»ни бартараф этишда қардош мамлакатлар билан ҳамкорликда транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришни давом эттириш жуда муҳим эканини эслатди.

Қозоғистон ўзининг яқин ҳамкорлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилувчи қатор йирик лойиҳаларни тезда амалга ошириш ниятида.

Бу ерда гап «Дўстлик – Мўйнти», «Бахти – Аягўз», «Дарбаза – Мақтаарал» темир йўл лойиҳалари, шунингдек, «Жанаўзен – Туркманистон чегараси» автомобил йўли ҳақида кетмоқда.

«Умуман олганда, Қозоғистон Евроосиёнинг транзит хаби сифатидаги ўз ролини кучайтириш ниятида», - дея хулоса қилди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги хабарлар
telegram