Қозоғистон энергетика соҳасида катта ютуқларга эришишига ишонаман – Владимир Путин
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон энергетика соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида халқаро агентликлар вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди.
– Шуни таъкидлашни истардимки, Қозоғистон ресурсларга бой мамлакат. Бу ерда мен атом электр станциялари учун ёқилғи ҳақида гапиряпман. Бу йўналишда Қозоғистон билан ҳамкорлигимиз юқори даражада муваффақиятли, — деди у ҚР Президенти телерадиокомплекси бош директори Раушан Қажибаеванинг саволига жавоб берар экан.
Россия Президентининг сўзларига кўра, ядро энергетикасини ривожлантириш орқали Қозоғистон ўзининг энергия манбаларини диверсификация қилади.
– Менимча, Қозоғистон ўзининг ресурс базасига таяниб ва қўшма салоҳиятни ривожлантириб, энергетика соҳасида катта муваффақиятларга эришади, кўплаб муаммоларни ҳал қилади ва энергия манбаларини диверсификация қилади. Менимча, келажакда Қозоғистон электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 20 фоизини атом электр станциясидан олади, — деди Владимир Путин.
Шу билан бирга, у АЭС қурилиши нафақат янги энергия блокларини таъминлаш, балки тўлақонли янги саноатни ҳам яратишини таъкидлади.
– Энг муҳими, янги сектор яратилади. У кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ва ишлаб чиқаришни ўз ичига олади. Буларнинг барчаси қўшма лойиҳалардир. Бу йўналиш биз ва Қозоғистон учун жуда муҳим, — деди Россия Президенти.
Шунингдек, у мамлакатлар космик, машинасозлик ва уран ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин Қозоғистон ва Россиянинг умумий мақсадини маълум қилди.