Қозоғистон давлат бошқаруви тизимини чуқур трансформациялаш йўлида - ўзбекистонлик мутахассис

TASHKENT. Kazinform – Қозоғистон давлат бошқаруви тизимини чуқур трансформациялашга йўл олмоқда. Бу фикрни Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров билдирди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг махсус мухбири.

Абдулла Абдукадиров
Фото: Әлихан Асқар/Kazinform

“Биз Қозоғистонда рўй бераётган сиёсий воқеаларни диққат билан кузатиб борамиз. Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўнгги ташаббуслари кўпчилик, шу жумладан халқаро ҳамжамият эътиборини тортишга муваффақ бўлди. Вице-президент институтини жорий этиш, юқори лавозимларга тайинланадиган хизматчиларнинг номзодларини Парламент билан келишиш каби таклифлар Қозоғистон давлат бошқарув тизимини чуқур трансформациялашга йўл олганини кўрсатади. Бу йўналишда ҳали аниқлаштиришни талаб қилувчи масалалар бор. Хусусан, вице-президентнинг мажбурият ва хизмат йўналиши ҳали аниқланмоқда”, — деди Абдулла Абдуқодиров.

Шу билан бирга, у Президентнинг Халқ Кенгашини ташкил этиш ташаббуси ҳақида ҳам фикр билдирди. Абдулла Абдуқодировнинг фикрига кўра, қонуний кучга эга бўладиган мазкур орган ҳукумат ва халқ ўртасида кўприк вазифасини бажаради.

“Халқ Кенгаши деб аталадиган таъсирли маслаҳатчи орган фикр алмашиш майдонига айланишига ишонаман. Унинг таркибида тажрибали мутахассисларнинг бўлиши муҳим. Шу орқали Парламент соҳавий мутахассисларнинг фикрига қулоқ солиб, муҳим масалаларни кечиктирмай ҳал қилиши мумкин. Бу бутун миллат вакилларини бирлаштирувчи, очиқ фикр билдирилиб, аниқ таклифлар ишлаб чиқиладиган майдон бўлади”, — деб хулоса қилди Абдулла Абдуқодиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан ўтказилаётган конституциявий ислоҳотларни муҳокама қилишга бағишланган конференция бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар