Қозоғистон аҳолисининг табиий газ билан таъминланиш даражаси 80% гача оширилади

ASTANА. Кazinform — Энергетика вазирлиги газлаштириш даражасини 80% гача ошириш бўйича Йўл харитасини ишлаб чиқишни бошлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

газ
Фото: Энергетика вазирлиги

Парламент палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиққан Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатни газлаштириш суръатини тезлаштириш ва аҳолини табиий газ билан таъминлаш даражасини 80% гача оширишни топширди.

Президент топшириғини бажариш учун Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги белгиланган мақсадга босқичма-босқич эришишга қаратилган кенг қамровли Йўл харитасини ишлаб чиқишни бошлади.

Вазирлик маълумотларига кўра, умуман олганда, Қозоғистонни газлаштириш фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, ҳудудларни ривожлантириш ва мамлакатнинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган 2035ь йилгача бўлган Бош схема доирасида амалга оширилмоқда.

— Ўтган йил натижаларига кўра, газ таъминоти соҳасида амалга оширилган 84 та лойиҳа натижасида 94 та аҳоли пунктининг 354 мингдан ортиқ аҳолиси табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Ўтган йил давомида 2000 километрлик газ тақсимлаш тармоқлари қурилди. Натижада, табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлган аҳоли сони 20,5 миллион кишидан 13,1 миллионга етди, — дейилади хабарда.

Бу йил газ транспорти инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш натижасида яна 36 мингга яқин одам табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Ишлаб чиқилаётган Йўл харитаси мамлакатни газлаштиришни жадаллаштириш бўйича асосий стратегик ҳужжатга айланади. Уни амалга ошириш бизга табиий газ билан қамраб олинган аҳоли улушини сезиларли даражада ошириш, Давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифанинг бажарилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва ҳудудларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшимча туртки бериш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг газлаштириш даражаси 64% дан ошди.