Қозоғистон 2023 йилда Германияга камида 890 минг тонна нефть етказиб беради
Берлин ва Бранденбург федерал штатининг бензин, дизель, иссиқлик ва авиация ёқилғисига бўлган эҳтиёжининг 90 фоизини таъминлайдиган PCK Raffinerie нефтни қайта ишлаш заводининг йиллик қуввати 11 миллион тоннадан ортиқ хом нефтни ташкил этади. Техник-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича корхона Европадаги энг яхшиларидан биридир. 2022 йилда Германия ҳукумати корхонага қозоқ нефтини етказиб бериш илтимоси билан Қозоғистонга мурожаат қилган.
«Биргина жорий йилнинг февраль-июль ойларида мамлакатимиз «Дружба» нефть қувури орқали Германияга 390 минг тонна нефть етказиб берди. Жорий йил июнда Германия Федератив Республикаси Президенти жаноб Франк-Вальтер Штайнмаернинг Қозоғистонга ташрифи доирасида «ҚазМунайГаз» ва «Rosneft Deutschland» (завод бошқарув компанияси) ўртасида хом нефт етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган эди. Шартнома мажбуриятлари фаол амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Бизнинг режаларимиз бўйича эса 2023 йилда Германияга етказиб беришнинг умумий ҳажми камида 890 минг тоннани ташкил этади», – деди ҚМГ бошқаруви раиси Мағзум Мирзағалиев.
Бундан ташқари, М.Мирзағалиев Берлинда Германия Федератив Республикаси Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги парламенти Давлат котиби Михаэль Кельнер, шунингдек, Бранденбург Федерал штати иқтисодиёт ва энергетика вазири Йорг Штайнбах билан учрашди. Суҳбат чоғида нефть-газ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, глобал кескинликнинг ҳозирги кучайиши шароитида санкция хавфини олдиндан кўриш масалалари муҳокама этилди.
Германия расмийлари Қозоғистон нефтини етказиб бериш ҳажмини оширишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.