Коронавирус: вакцинани ишлаб чиқиш кампаниясининг 1-чи кунида 7 млрд евро йиғилди
«Кеча Белгия пойтахти Брюсселда коронавирусга қарши кураш глобал кампанияси доирасида маблағ йиғилиши эълон қилинди. Онлайн конференциянинг биринчи куниёқ 7 миллиард 400 миллион евро маблағ йиғилган. Акция икки ҳафта давом этади.
Акция Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Бирлашган Қироллик, Норвегия ва Саудия Арабистони томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Европа комиссияси кўмагида ташкил этилгани хабар қилинди. Акцияга Япония, Канада, Жанубий Африка ва бошқа давлатлар раҳбарлари ҳам қўшилишди.
Европа Иттифоқи бир миллиард евро ваъда қилди. Шунингдек, Норвегиянинг бир ўзи қарийб 1 миллиард доллар ваъда қилди.
»Биз бир киши ҳимояланган, бошқаси эса ҳимояланмаган дунёда яшай олмаймиз. Бу нафақат умумий душманни мағлуб этиш, балки умумий хавфсиз келажакни яратиш учун ҳам имкониятдир. Маблағ йиғиш жараёни 23 майга қадар давом этади«, - деди ЖССТ президенти Тедрос Адҳаном Гебрейесус.
Тадбирга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Билл Гейтс ва Мелинда Гейтс жамғармаси, Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар ҳомийлик қилмоқда.