Қирғизистоннинг биринчи шахсларига бир вақтнинг ўзида хорижда бўлиш тақиқланди
ASTANA. Kazinform - Қирғизистонда «Қирғиз Республикасининг Давлат протоколи тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинди, деб хабар беради Kazinformнинг Бишкекдаги мухбири.
Ҳужжатда мамлакат раҳбариятининг чет элга ташрифлари, юқори ва олий даражадаги хорижий делегацияларни қабул қилиш тартиби, шунингдек бошқа протокол тадбирлари аниқ тартибга солинади.
Қонуннинг алоҳида моддасига кўра, президент, Жогорку Кенеш раиси ва Вазирлар Маҳкамаси раиси бир вақтнинг ўзида чет элда бўла олмайди.
Бундан ташқари, юқори лавозимли амалдорларнинг қисқа вақт ичида бир мамлакатга такрорий ташрифларига чекловлар қўйилди. Бу талаб режалаштирилган кўп томонлама тадбирларга тааллуқли эмас.
Мамлакатдаги амалдорларнинг протокол мақоми президент томонидан Ташқи ишлар вазирлигининг таклифи асосида тасдиқланади.
Давлат протоколини амалга ошириш Ташқи ишлар вазирлиги, Президент маъмурияти ва Жогорку Кенеш протокол хизматларига юклатилган.
Ва бутун мамлакат бўйлаб ягона протокол амалиётини мувофиқлаштириш Ташқи ишлар вазирлигининг Давлат протоколи департаменти томонидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хабар қилинганидек, Қирғизистон ўзининг Қизил китобини янгиламоқда.