Қирғизистондаги утилизация йиғими: Қозоғистонга қандай таъсир қилади
ASTANA. Kazinform - Қирғизистонда Tulpar Motors заводи ишга туширилди ва у ерда Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Энди маҳаллий ҳокимият органлари маҳаллий автомобиль саноатини ҳимоя қилиш учун утилизация йиғими бўйича тўловни жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Tulpar Motors корхонасида дастлабки босқичларда Chevrolet Cobalt, Onix ва Tracker енгил автомобиллари, Izuzu юк автомобилларини кенг кўламда йиғиш ташкил этилади.
- Утилизация йиғимини ҳар қандай тарзда ҳимоя механизми сифатида жорий қиламиз. Ҳозир бунинг аниқ қанчага тушиши аниқ эмас, чунки иқтисодчилар ҳамон ҳисоб-китоб қилишмоқда, — деди Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекова завод очилишида Tazabek мухбири билан суҳбатда.
Kazinform мухбири Қирғизистонда утилизация йиғимининг жорий этилиши Қозоғистон автомобиль бозорига қандай таъсир қилишини билиш мақсадида Автомобиль бозори мониторинги ва таҳлили агентлиги директори Артур Мискарянга мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, Қирғизистон автопарки бугунги кунда 1,3-1,4 миллион енгил автомобилни ташкил этади ва сўнгги беш йил ичида йилига 3-5 фоизга ўсиб бормоқда.
Бир қатор тартибга солувчи омиллар туфайли Қирғизистон бозори техник регламентларга мос келмайдиган ускуналар билан тўйинган ва 2017-2018 йилларда ўртача “ёши” юқори бўлган техникалар сезиларли даражада етказиб берилган. Шу сабабли, маҳаллий автотранспорт паркини босқичма-босқич янгилаш учун катта имкониятлар мавжуд.
– Айни пайтда Хитой, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистондан етказиб берилаётган 12-15 та автомобиль бренди ушбу бозорда расман намойиш этилмоқда. Бозор конфигурациясини инобатга олган ҳолда бир бренднинг бир нечта моделларини ҳам маҳаллийлаштириш янги иш ўринлари ва аслида мамлакат учун иқтисодиётнинг янги сектори кўринишида сезиларли самара бериши аниқ, — деди Артур Мискарян.
Унинг фикрича, Қирғизистонда утилизация йиғими ва бошқа тартибга солиш чоралари жорий этилиши қўшни бозорларга таъсир қилмайди. Биринчидан, маҳаллий автомобиль паркининг кўлами туфайли. Иккинчидан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия корхоналари маҳаллий бозорларга йўналтирилган.