Қирғизистонда Апрель халқ инқилоби куни нишонланмоқда

Апрель халқ инқилобининг 13 йиллиги муносабати билан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ватандошларига мурожаат қилди.
«Бугун Апрель халқ инқилобига 13 йил тўлди. Ақсий воқеалари, март, апрель халқ инқилоблари ва сўнгги октябрь воқеалари мамлакатимиз тарихида сиёсий аҳамиятга эга воқеаларга айланди. Озодлик байроғини кўтариб, ҳамиша адолатга интилувчи қирғиз халқи бу воқеаларнинг барчасида ноҳақ ҳокимиятга кескин қаршилик кўрсатиб, адолатсиз тузумни ўзгартириш учун бош кўтарди. Афсуски, апрель халқ инқилобининг баҳоси жуда қиммат бўлиб, 90 га яқин юртдошларимиз ҳаётига зомин бўлди. Оддий халқ озодлиги учун курашган ўғлонларимизнинг ёрқин сиймолари қирғиз халқи қалбида ҳамиша яшайди. Яқин тарихимизда рўй берган бу воқеалардан олинадиган энг муҳим сабоқ адолатли ҳокимият даврида халқ фаровонлигини таъминлашдир. Худо хоҳласа, ватани, халқи учун жон фидо қилган фуқароларимизнинг тилакларини рўёбга чиқарамиз. Қирғизистонда ҳамиша адолат тантана қилиб, тараққиёт ва фаровонлик ҳукм сурсин!» – дейилади мурожаатда.
«Ата-Бейит» миллий тарихий-мемориал мажмуасида мамлакат олий раҳбарияти иштирокида хотира тадбири бўлиб ўтди. 2010 йилги Апрель халқ инқилобида ҳалок бўлганлар хотирасига Қуръон хатм қилиш маросими ўтказилди, Апрель халқ инқилоби қаҳрамонлари хотираси ёдгорлиги пойига гуллар қўйилди.
7 апрель санаси ва расмий байрамнинг номи 2011 йил декабрь ойида тасдиқланган. 2016 йилдан Қирғизистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига ўзгартиришлар киритилиши билан мамлакатда Апрель халқ инқилоби куни дам олиш куни деб эълон қилинди.
Фото: kabar.kg
Муаллиф: Гулмира Абдрахманова