Қирғизистон Бишкекдаги янги стадион қурилишига қанча маблағ сарфлади
BISHKEK. Kazinform - Қирғизистон пойтахтидаги «Бишкек-Арена» стадиони 386 миллион долларга қурилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Бишкекдаги мухбири.
Унинг маълумотларига кўра, дастлаб 30-35 минг томошабинга мўлжалланган, қиймати тахминан 60-70 миллион доллар бўлган стадион қуриш режалаштирилган. Кейинчалик Қирғизистон президенти Садир Жапаров топшириғига кўра, лойиҳа тўлиқ қайта ишланди. Иншоот сиғими FIFA халқаро стандартларига мос бўлиши учун 51 252 нафар томошабинга етказилди. Саккиз қаватли бино анъанавий қирғиз ўтови шаклида қурилган. Иншоот диаметри 280 метр, баландлиги эса 70 метрни ташкил этади.
Объект ўзини ўзи қоплаши ва бюджетга ортиқча юк бўлмаслиги учун унинг ичида қарийб 36 минг квадрат метр майдонни эгаллаган кенг кўламли инфратузилма яратилди. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- 23 та ресторан ва 11 та кафе;
- савдо маркази, супермаркет, 48 та дўкон ва 18 та савдо киоски;
- 4 та кинотеатр зали, спорт зали, болалар ўйин майдончаси, шунингдек, террасалар.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда объект 60 миллион долларга тушгани ҳақида турли миш-мишлар кенг тарқалган эди. Бироқ ҳокимият бу маълумотни рад этиб, уни ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот деб атади.
Эслатиб ўтамиз, 31 августда пойтахтдаги янги «Бишкек Арена» стадионида VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек, машҳур колумбиялик хонанда Шакира Қирғизистонда «Бишкек Арена» стадионида концерт беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.