Қирғизистон арабча исмлардан воз кечиши ва чет тилидаги мультфильмларни блоклаши мумкин

Қирғизистон арабча исмлардан воз кечиши ва чет тилидаги мультфильмларни блоклаши мумкин
Фото: pixabay.com

BISHKEK. Kazinform - Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши йиғилишида “Қирғизистон Республикасида ҳалол саноати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида парламент спикери Нурланбек Шакиев қирғиз тилини сақлаб қолиш учун интернетдаги барча хорижий тилдаги контентни блоклашни ва навбат билан арабча исмлардан воз кечишни таклиф қилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Нурланбек Шакиевнинг фикрича, қирғиз тили йўқолиб бормоқда, шунинг учун қирғизлар фойдасига интернетдаги барча чет тиллардаги дастур ва мултфильмларни блоклаш керак.

— Ҳурматли депутатлар, келинг, “ҳалол” атамасини қирғиз тилидаги “адал” дейлик. Биз қирғизча сўзларни арабчалаштирамиз, арабча исмлар қўямиз, кўп нарсаларни русча атаймиз. Бизда жуда кўп яхши қирғиз исмлари бор: Бақит, Таалай, Элмурза, Улукбек, Балбак, Чолпон, Жилдиз, Нурбек. Нега биз улардан фойдаланмаймиз, арабча, русча исмлар ва бошқа тиллардаги исмларни қўямиз? Агар қирғизча исмларни ишлатмасак, улар ҳам худди тил каби тез орада йўқолиб кетади. Қишлоқларда болалар рус тилида гаплашади, чунки улар интернетда рус тилидаги контентни томоша қилишади. Қирғиз тили йўқолиб бормоқда. Шу муносабат билан ҳукумат яқин келажакда мультфильмларни қирғиз тилига таржима қилиши керак. Интернетда болалар томонидан телефонда кўриладиган барча дастурлар, мультфильмлар ва барча контентни чет тилларида блоклаш керак. Агар ҳозир эътибор қилмасак, тилни бугун сақламасак, 5-10 йилдан кейин уни йўқотиб қўямиз”, - дея таъкидлади маърузачи.

Депутат Марлен Маматалиев қонун лойиҳасида қўлланилган “ҳалол” атамаси ISO халқаро стандартларига мос келишини тушунтирди.

— Агар қонун лойиҳасида қирғиз тилида “адал” сўзини ишлатсангиз, қирғиз маҳсулотлари халқаро стандартларга жавоб бермагани учун ташқи бозорга чиқа олмайди. Хорижий франчайзинг ва брендларни қирғиз тилига таржима қилиб бўлмайди, — деди у.

Ўз навбатида депутат Дастанбек Жумабеков чет эл исмларидан воз кечиш ташаббуси ҳақида гапирди.

— Ҳар бир ота-она фарзандига ўзи хоҳлаган исмни қўйиш ҳуқуқига эга, уларнинг ҳуқуқлари мамлакат конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Чунки биз демократик давлат эканмиз, бу йўналишда радикаллашмаслигимиз керак, - деб ҳисоблайди халқ депутати.

Муаллиф: Гулмира Абдраҳманова

Сўнгги хабарлар