Кичик ва ўрта бизнес ўсиши 20 фоиздан ошди: бизнесни текширишлар камайди, қўллаб-қувватлаш кучайтирилди
ASTANA. Kazionform — Қозоғистонда давлат назорати тизимини ислоҳ қилиш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари кичик ва ўрта тадбиркорлик ривожига ижобий таъсир кўрсатди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, мамлакатда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 2,9 миллионга етди.
Давлат даромадлари қўмитаси маълумотига кўра, бу кўрсаткич йил бошига нисбатан 499 мингтага ёки 20,4 фоизга ошган. Айниқса, тоғ-кон саноатида (+2,9%), қурилиш ва қишлоқ хўжалигида (+2,5%), шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида (+2,4%) кичик юридик шахслар сони кўпайган.
2025 йил якунларига кўра, кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 40,9 фоизга етди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми эса 104,7 триллион тенгени ташкил этиб, бир йилда 27,8 фоизга ўсди.
“Давлат назорат тизимига тубдан ўзгариш киритиб, жазолаш ёндашувидан олдини олиш ва профилактика тамойилига ўтди. Натижада ўтган йили бизнесни текширишлар сони 8,6 фоизга қисқарди. Қонунчиликдан 10 мингдан ортиқ ортиқча талаблар чиқариб ташланди, янги талабларни жорий этишда эса «1 in 2 out» тамойили қўлланила бошланди”, — дейилади Ҳукумат ахборотида.
Шунингдек, бизнес ҳисоботларининг 49 фоизи оптималлаштирилди ва тадбиркорларга давлат хизматларидан тезкор фойдаланиш имконини берувчи «eGov Business» рақамли иловаси ишга туширилди.
Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кенгайтирилди. Ўтган йили 1,6 триллион тенге миқдоридаги қарз маблағлари ҳисобидан қарийб 9,5 минг лойиҳа имтиёзли молиялаштирилди. Ҳозирда «Өрлеу» дастури орқали тадбиркорларга 10 йилгача муддатга йиллик 12,6 фоиз ставкада кредитлар ажратилмоқда. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 91 нафар қарз олувчига умумий қиймати 18,4 миллиард тенге маблағ ажратилган.
Қайта ишлаш саноати лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда йиллик 13,2 фоиз ставкадаги «Ишбилармон ҳудуд» дастури ишга туширилди. Шунингдек, «Даму» жамғармаси негизида иккита янги кафолат жамғармаси ташкил қилиниб, қайта ишлаш саноати, транспорт, логистика ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бошланди.
“Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, кафолат жамғармаси орқали умумий қиймати 189,9 миллиард тенге бўлган 998 та лойиҳа қўллаб-қувватланди. Кафолат жамғармаси–2 доирасида эса умумий қиймати 442,4 миллиард тенге бўлган олтита йирик лойиҳа маъқулланди. Маблағларни тақсимлашни назорат қилиш жараёни тўлиқ «Baqylauda» рақамли тизими орқали автоматлаштирилган”, — дея таъкидлади Ҳукумат.
Давлат харидлари тизими ҳам модернизация қилинди. Янги қонун туфайли харид жараёнларининг муддати 30 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартирилди, бир манбадан харид қилиш улуши эса 23 фоизгача камайтирилди. Қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар учун 50% миқдорида мажбурий олдиндан тўлов, шартнома таъминоти талабларидан озод қилиш ва жаримани 3% гача камайтириш механизмлари жорий этилди.
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида давлат харидлари ҳажми 7,7 триллион тенгени ташкил этди. Шундан маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар билан умумий қиймати 85,2 миллиард тенге бўлган 61 532 та шартнома тузилди.