Kia ёнғин хавфи сабабли АҚШда 460 мингдан ортиқ автомобилни чақириб олади
ASTANA. Kazinform — Kia компанияси 2020–2024 йилларда АҚШда ишлаб чиқарилган 462 869 та Kia Telluride автомобилини электроника тизимидаги носозлик сабабли ёнғин чиқиш хавфи мавжудлиги туфайли эҳтиёт чораси сифатида чақириб олмоқда, деб хабар беради FOX Business.
Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, электр ўриндиғини созлаш механизмининг қопқоғи ёки тутқиси урилиб кетса, тугма (ўчиргич) нотўғри жойлашиши ёки шикастланиши мумкин. Бу эса ўриндиқ мотори қизиб кетишига олиб келиши эҳтимоли бор.
Автомобиль ҳаракатланаётганда ёки тўхтаб турганида ёнғин чиқиш хавфи мавжудлиги сабабли, эгаларига машинани кўчада, бошқа автомобиллар ва бинолардан узоқроқ жойда тўхтатиш тавсия этилган.
Мазкур модель бўйича ўриндиқда ёнғин чиққан 7 та ҳолат ва ўриндиқ мотори эриб кетган 11 та ҳолат қайд этилган. Автомобиль эгаларига расмий огоҳлантириш хатлари 13 августда юборилади.
Шундан сўнг Kia дилерлик марказлари ўриндиқ тугмаси жойидан силжиган, деформацияланган ёки бошқа тарзда шикастланган ҳолатларда электр ўриндиғининг узлуксиз ишлашига тўсқинлик қиладиган электрон ҳимоя қурилмасини (сақлагич блокини) бепул ўрнатиб беради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7 мартда АҚШнинг Огайо штатида 2026 йилги Hyundai Palisade автомобилининг автоматик ўриндиғи болани қисиб қолган ва уни қутқариб қолишнинг иложи бўлмаган эди. Ушбу воқеадан сўнг Hyundai Шимолий Америкада мазкур моделнинг сотувини тўхтатиб, 69 мингдан ортиқ автомобилни чақириб олишни бошлаган.
Аввалроқ Hyundai хавфсизлик камаридаги носозлик сабабли 568 мингта автомобилни чақириб олаётгани ҳақида хабар берилган эди.