Кентуккидаги тошқин: 30 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар бедарак йўқолди
Ўтган ҳафта ўрталарида кучли ёмғир туфайли сув тошқини бошланган. Кентукки штатининг айрим ҳудудларида бир кунда 20 см дан ортиқ ёмғир ёғди.
Уайтсбург шаҳридаги Кентукки дарёсининг сатҳи бир неча соат ичида 6 метрга кўтарилди. 12 мингдан ортиқ хонадон электр энергиясиз қолди, юзлаб уй ва корхоналар сув остида қолди.
Миллий метеорология хизмати об-ҳаво прогнози маркази Кентукки шарқий ва марказий ҳудудларида сув тошқини ҳақида огоҳлантирди.
Штат расмийлари ва қутқарувчилар қурбонлар сони ортишини айтишмоқда. Йўқолганларни қидириш бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Чунки уларни оқим юзлаб метрларга олиб кетиши мумкин.
«Бу тарихдаги энг кучли ва энг ҳалокатли тошқин. Қутқарув ишлари олиб борилаётган пайтда ҳам ёмғир тўхтагани йўқ», - деди штат губернатори Энди Бешир «Эн-би-си» телеканалига берган интервьюсида.