Кения ва Сомалида кучли ёмғир ва тошқинлар оқибатида 40 киши ҳалок бўлди

Душанба куни гуманитар ташкилотлар маълум қилишича, Кения ва Сомалида кучли ёмғир ва тошқинлар туфайли қирқ киши ҳалок бўлди ва ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Бу ҳақда Kazinform агентлиги АPга таяниб хабар беради.

Сув тошқини
Фото: pixabay.com

Сомалида табиий офат 25 кишининг ҳаётига зомин бўлди, уйлар, йўллар ва кўприклар вайрон бўлди. Жанубдаги Жубаланд штатида 2400 га яқин аҳоли сув тошқинлари остида қолган. Маълум қилинишича, Сомали ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган.

БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Жубба ва Шабелле дарёлари бўйлаб сув тошқини хавфи юқорилигидан огоҳлантириб, аҳолини имкон қадар тезроқ эвакуация қилишга чақирди.

Қайд этилишича, Сомалида тўрт йиллик қурғоқчиликдан сўнг кучли ёмғир ёққан.

Кения Қизил Хоч ташкилотига кўра, об-ҳаво туфайли ҳалок бўлганлар сони 15 кишига етди. Момбаса порт шаҳри ва Кения шимоли-шарқидаги Мандера ва Важир округлари энг кўп зарар кўрган.

Якшанба ҳолатига кўра, бутун мамлакат бўйлаб сув тошқинлари 241 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини вайрон қилган ва 1067 чорва молини нобуд қилган.

Сентябрь ойида синоптиклар Кенияда октябрдан декабргача ёмғирли мавсумда одатдагидан кўпроқ ёмғир ёғиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Сўнгги хабарлар