Kazinform жаҳон ахборот маконида муносиб ўрин эгаллайди – ЎзА раҳбари

«Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА номидан ва бутун ўзбек халқи номидан Kazinform халқаро ахборот агентлиги меҳнат жамоасини ушбу муҳим кун - 100 йиллик юбилейи билан табриклашга ижозат бергайсиз.
Бугунги кунда Kazinform халқаро ахборот агентлиги нафақат минтақа ва МДҲ мамлакатлари, балки бутун дунё ахборот маконида муносиб ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ЎзА кўп йиллар давомида Kazinform билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу ҳамкорлик асосида ЎзА доимий равишда Ўзбекистон халқига Қозоғистонда юз бераётган ўзгаришлар тўғрисида зарур маълумотларни тақдим этади.
Шу ўринда таъкидлашни истардимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг ташаббуслари ва кучли сиёсий иродаси туфайли икки мамлакат ўртасидаги дўстона ва қардошлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бунинг натижасида ахборот соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Масалан, 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши муносабати билан ЎзА сайтиданинг қозоқча версияси ишга туширилди. Kazinform халқаро ахборот агентлигининг янгиликлари ўзбек тилида ҳам нашр этилади. Бу, албатта, бизни қувонтиради.
100 йил – оз вақт эмас. Бугунги шиддатли рақобатга асосланган ахборот асрида Kazinform ХАА энг долзарб янгиликларни миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда ёритиб бориши, шунингдек, ўзининг кучли позициясини намойиш этиши алоҳида эътиборга лойиқдир.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор юбилей билан табриклайман. Халққа хизмат қилиш, икки мамлакат равнақига ҳисса қўшиш, халқлар ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлидаги фаолиятингизга муваффақиятлар тилайман!», - деди Абдусаид Кучимов.