Каспий денгизи хавф остида – ҚР Президенти

BAKU. Kazinform – Қозоғистон Президенти Бокуда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон иқлим саммитидаги нутқида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга ўтиш муҳимлигини таъкидлади, деб хабар беради Ақорда.

тоқаев
Фото: Ақорда

Қозоғистон “углерод деҳқончилиги”, яъни ҳавога чиқаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш ва тупроқни ўғитлаш йўли билан деҳқончилик усулларини жорий этиш учун ҳар томонлама қулай давлатдир. Мамлакатда қишлоқ хўжалигига яроқли 200 миллион гектар ер бунга имкон бермоқда. Президент манфаатдор томонларни Қозоғистоннинг бу борадаги салоҳиятини ўрганишга таклиф қилди.

“Мамлакатимиз жаҳон уран захирасининг 43 фоизини таъминлайди ва кам углеродли энергия манбаи ҳисобланган атом энергетикасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимизнинг аксарияти Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватлади. Биз ушбу соҳадаги етакчи технологик гигантлар билан ҳамкорликда ушбу лойиҳа хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашга интиламиз”, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев жаҳондаги сув ресурслари муаммосига тўхталди.

“Иқлим ўзгариши глобал сув айланишига таъсир кўрсатмоқда. Дунёдаги табиий офатларнинг 80 фоиздан ортиғи сув атрофида содир бўлади. Бу йил мамлакатимиз мисли кўрилмаган сув тошқинларига дуч келди. Келажакда бундай фавқулодда вазиятларга тезкорлик билан жавоб бериш ва кейинги тиклаш ишларини тезкорлик билан амалга ошириш учун рискларни бошқаришнинг комплекс тизимини жорий қиламиз. Жаҳон эътиборини сув муаммосига қаратиш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойида Франция билан биргаликда “Ягона сув” саммитини ўтказамиз. Форум иштирокчилари жаҳон миқёсида сув ресурсларини бошқариш масалаларини муҳокама қиладилар. Бугунги кунда Каспий денгизи хавф остида. Дунёдаги энг катта кўлни қутқариш умумий масъулиятдир ва узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни талаб қилади. Шу муносабат билан биз Президент Илҳом Алиевнинг Каспий бўйи давлатларидан экспертлар гуруҳини тузиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Айни пайтда Қозоғистонда Оролни қутқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда”, – деди Президент.

Ўз нутқини якунлар экан, Қасим-Жомарт Тоқаев Озарбайжоннинг CОР29 га муваффақиятли раислиги ва саммитни юқори савияда ташкил этгани учун Президент Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбари Қозоғистон адолатли, инклюзив ва очиқ иқлим кун тартибини шакллантиришда халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Саммитда 80 дан ортиқ давлат раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларининг нутқи режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча ҚР Президенти Бокуга хизмат сафари билан борган эди. Бугун Қасим-Жомарт Тоқаев Бутунжаҳон иқлим саммитида иштирок этиш учун Боку Олимпия стадионига ташриф буюрди.

Сўнгги хабарлар