Қасим-Жомарт Тоқаев ва Корея президенти кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Икки давлат делегациялари иштирокидаги музокаралар чоғида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Президент Юн Сок Ёльнинг Қозоғистонга илк давлат ташрифини тарихий воқеа сифатида баҳолади. Шунингдек, у бугунги музокаралар Қозоғистон-Корея ҳамкорлиги кўламини кенгайтириб, икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаришини айтди.
Қозоғистон Президентининг фикрича, Жанубий Корея жаҳон миқёсида ҳақиқий иқтисодий ва технологик локомотивга айланди. Дунёга машҳур Корея корпорациялари эса мамлакатнинг халқаро майдонда “асосий глобал давлат” мавқеини илгари суришда катта ҳисса қўшмоқда.
Қасим-Жомарт Токаев икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Сеул Қозоғистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги муҳим стратегик ҳамкорларидан биридир. Корея ташқи савдо айланмаси бўйича тўртинчи ўринни эгаллайди ва мамлакатдаги энг йирик хорижий инвесторлар ўнлигига киради.
Давлат раҳбари Қозоғистон ва Корея ўртасида ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида юқори даражадаги сиёсий мулоқотга эришилгани, муваффақиятли иқтисодий ҳамкорлик ва мустаҳкам гуманитар алоқалар ўрнатилганини таъкидлади. Икки давлат ўртасида парламентлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа турли йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ишбилармонлар кенгаши, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муваффақиятли ишламоқда.
Қасим-Жомарт Тоқаев икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида яқин муносабатлар ўрнатишда мунтазам алоқалар ўта муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, у Қозоғистонда Жанубий Корея капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ компания муваффақиятли ишлаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, томонлар маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратдилар.
“Қозоғистонда истиқомат қилаётган 120 минг этник корейс икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиб, бунга беқиёс ҳисса қўшмоқда. Ўз навбатида, Кореяда таҳсил олаётган мингдан ортиқ қозоқ ёшлари мамлакатлар ўртасидаги “дўстликнинг олтин кўприги” саналади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент Юн Сок Ёль Давлат раҳбарига қозоқ заминида кўрсатган ҳурмати учун миннатдорлик билдириб, бу йил Корея Республикаси билан Қозоғистон ўртасида стратегик шериклик ўрнатилганига 15 йил тўлаётганини таъкидлади.
“Корея Республикаси ўзининг асосий стратегик ҳамкори – Қозоғистон билан биргаликда ёрқин ва комил келажак сари қадам ташлаш ниятида”, – деди Корея Президенти.
Музокаралар чоғида энергетика, инфратузилма, саноат, машинасозлик, савдо, транспорт-логистика, рақамлаштириш, аэрокосмик саноат, молия сектори, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм, маданият, экология ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Корея томонига мазмунли ва конструктив музокаралар учун миннатдорлик билдирди.