14:14, 07 Ноябрь 2022 | GMT +5
Қасим-Жомарт Тоқаев: Манғистау жаҳон миқёсидаги транзит марказига айланади
AQTAU. Kazinform - Президент Манғистау вилоятининг транспорт-логистика ва сармоявий салоҳиятини ошириш зарурлигини айтди, деб ёзади Kazinform.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, Манғистау географик жиҳатдан қулай ҳудуд ҳисобланади. Бу ҳудуд жаҳон миқёсидаги транспорт ва транзит марказига айланиши керак.
«Ақтау порт шаҳри Қозоғистоннинг денгизга чиқувчт эшиги ҳисобланади. Ҳозиргидек глобал логистика тизими қайта шаклланаётган бир пайтда Каспий денгизининг аҳамияти кескин ошди. Биз порт инфратузилмасини ривожлантириш учун сармоя жалб этиш, контейнер ва транспорт-логистика хабини яратиш ниятидамиз»
, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари жаҳон бозоридаги бугунги вазиятни ҳисобга олиб, Транскаспий йўналишини янада ривожлантириш ғоят муҳим эканини таъкидлади.
«Бу масалада ҳамкор давлатлар билан ўзаро тушуниш мавжуд. Биз Ақтау ва Қурик портларининг сиғимини оширамиз. Бу уларнинг қувватини ошириш ва нефт ташиш ҳажмини йилига 20 миллионга етказиш учун зарур»
, — деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, вилоятда автомобил йўллари сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. У аввалроқ «Бейнеу-Шалқар» автомобил йўли қурилишининг аҳамияти ҳақида гапирганини эслатди.
«Иш жуда секин кетмоқда. Ҳукуматга қурилишни бошлаш учун зудлик билан зарур ҳужжатларни тайёрлашни топшираман. Вилоят аҳолиси вилоят аҳамиятига эга йўлларнинг сифати ҳақида тез-тез шикоят қиладилар. Ҳукумат келаси йилдан бошлаб Ақтау – Форт Шевченко ва Таушиқ - Шетпе йўлларини таъмирлашни ҳокимлик билан ҳамкорликда бошлаши керак. Йўл сифати ҳар бир ҳудуднинг ривожланиш даражасини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан биридир. Фуқаролар тараққиёт самарасини йиғилишларда эмас, кундалик ҳаётда кўриши, ҳис қилиши керак. Шундай экан, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига янги суръат бағишлаш учун вилоятнинг сармоявий салоҳиятини ошириш зарур»
, – деди Давлат раҳбари.