Қасим-Жомарт Тоқаев Лаос раҳбариятининг мамлакатимизга илк ташрифини муҳим қадам сифатида баҳолади
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон Лаосни Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим ҳамкор сифатида кўради. Бу ҳақда Лаос Президенти Тхонглун Сисулит билан кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.
“Аввало, таклифимни қабул қилиб, Қозоғистонга расмий ташриф билан келганингиз учун Сизга самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу — Лаос раҳбариятининг мамлакатимизга қилган илк, биринчи ташрифидир. Биз буни муҳим қадам сифатида қабул қиламиз. Ушбу ташрифнинг аҳамияти алоҳида ва беқиёс эканлигини эътироф этмоқчиман. Бу тарихий ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга янги туртки бериши шубҳасиз”, — деди Президент.
Давлат раҳбари келаси йили Қозоғистон ва Лаос ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлишини эслатди.
“Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барқарор ва дўстона хусусият касб этди. Қозоғистон Лаосни Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим ҳамкор сифатида кўради. Бизни анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва тушунишга асосланган муносабатлар боғлаб туради. Фурсатдан фойдаланиб, Сизни январь ойида Лаос Халқ Инқилобий партиясининг 12-съезди, шунингдек, февраль ойида бўлиб ўтган Парламент сайловларининг муваффақиятли ўтказилгани билан чин дилдан табриклайман. Лаос раҳбариятининг янги иқтисодий механизмлар сиёсати доирасида изчил маъмурий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, бозор иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш борасидаги ютуқларини юқори баҳолаймиз”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев Мустақиллик саройида мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Лаос Президентини кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.