Қасим-Жомарт Тоқаев етакчи Хитой компаниялари раҳбарлари билан учрашди

ASTANА. Кazinform – Хитой бизнес вакиллари билан “давра суҳбати” шаклида бўлиб ўтган учрашувда Президент хитойлик шерикларга самимий миннатдорчилик билдирди ва Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги абадий ва кенг қамровли стратегик шерикликни юқори баҳолади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Қасим-Жомарт Тоқаев етакчи Хитой компаниялари раҳбарлари билан учрашди
Фото: Ақорда

– Икки томонлама муносабатларимиз мисли кўрилмаган даражага етди. Биз Қозоғистон-Хитой муносабатларининг янги “олтин ўттиз йили”га қадам қўйдик. Мамлакатларимиз интеграцияси мутлақо янги сифат даражасига кўтарилди, дейиш мумкин. Халқларимиз ўртасида ўзаро ишонч, самимий дўстлик ва келажак учун умумий қараш мавжуд. Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳурматли дўстим, Хитой Халқ Республикаси Раиси жаноб Си Цзиньпинга мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган бебаҳо ҳиссаси учун самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман, – деди Касим-Жомарт Тоқаев.

Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Қозоғистон иқтисодиётига 30 миллиард доллардан ортиқ маблағ сармоя киритганини айтди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, юқори даражадаги сиёсий ишонч савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.

– Ўтган йили икки томонлама савдо ҳажми 49 миллиард долларга етди. Бу — рекорд кўрсаткич. Хитой Қозоғистон иқтисодиётига 30 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди. Ҳозирда Қозоғистонда Хитой капитали иштирокидаги 8500 дан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Улар орасида CNPC, CITIC ва Huawei каби йирик компанияларни таъкидлаш жоиз. Биз Хитой бизнес вакилларининг Қозоғистон иқтисодиётини модернизация қилишга қўшган улкан ҳиссасини юқори баҳолаймиз. Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз биргаликда кўплаб муҳим лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширдилар. Натижада биз иш ўринлари яратдик, илғор технологияларни жорий этдик ва саноат соҳасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамладик. Бугунги кунда биз янги стратегик лойиҳаларни биргаликда амалга оширмоқдамиз. Хусусан, биз Sinopec билан йирик газ-кимё мажмуаси, Fufeng Group билан маккажўхори чуқур қайта ишлаш заводи ва Lihua Group билан замонавий пахта-тўқимачилик кластери қурилишини амалга оширдик. Хитой автомобилсозлик корхоналари Қозоғистонда ишлаб чиқариш қувватларини очишни бошладилар. Масалан, мамлакатимизда HOWO, Yutong ва JAC брендлари ишлаб чиқарилади. Ўтган йили Changan, Great Wall Motor, шунингдек, Chery мультибрендли автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳалар икки томонлама ҳамкорлигимиз инновациялар, илғор технологиялар ва саноатни модернизация қилишга асосланганлигини кўрсатади, — деди Президент.