Қасим-Жомарт Тоқаев: Биз турғунлик эмас, жадал ривожланиш йўлини танлаймиз

Ақорда қароргоҳида 10 та давлатнинг Фавқулодда ва Мухтор элчилари Қозоғистон Президентига ишонч ёрлиқларини топширди.
Ишонч ёрлиқларини Куба элчиси Оскар Сантана Леон (қароргоҳи Нур-Султан шаҳрида), Бангладеш элчиси Камрул Ахсан, Доминикан Республикаси элчиси Франк Ганс Данненберг Кастельянос, Аргентина элчиси Эдуардо Антонио Зуайн, Перу элчиси Хуан Хенаро дель Кампо Родригес, Нигерия элчиси Якубу Сантураки Сулейман, Лаос элчиси Вилаван Йиапохэ, Чад элчиси Адам Бешир Махамуд, Руанда элчиси Фиделис Нтампака Миронко ва Бенин элчиси Акамби Андре Окунлола-Биау топширди.
Давлат раҳбари элчиларни Қозоғистондаги дипломатик миссияларининг расман бошланиши билан табриклаб, мамлакатдаги олижаноб миссиясини бажаришда Қозоғистон Президенти Администрацияси ва Ҳукумати томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ва ёрдам беришини таъкидлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқида дунё сўнгги ўттиз йил ичида энг оғир геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятни бошидан кечираётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси мамлакатларимиз учун муҳим синов бўлди. Шу билан бирга, халқаро муносабатлардаги вазиятнинг кескинлашуви дунё тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу муносабат билан Қозоғистон Президенти можаро БМТ Низомига мувофиқ тез ва адолатли ҳал этилишига ишонч билдирди.
Давлат раҳбари кўп миллатли ва кўп конфессияли Қозоғистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйганини таъкидлади.
«Биз демократик ўзгаришларнинг янги даврига қадам қўйганимизни эълон қилиб, давлат ҳокимиятини мисли кўрилмаган марказсизлаштиришни, аҳиллик ва мувозанат тизимини мустаҳкамлашни бошладик», - деди Президент.
Тадбирда Давлат раҳбари хорижий инвесторлар ва савдо шерикларининг Қозоғистон иқтисодиётига бўлган ишончини мустаҳкамлашга катта аҳамият берилишини таъкидлади.
«Ҳукуматимиз миллий иқтисодиётнинг шаффофлиги, шартномалар дахлсизлиги ва коррупцияга қарши шавқатсиз кураш тарафдори бўлиб қолаверади. Бу ислоҳотлар халқимиз тарихидаги бурилиш даврини ифодалайди. Биз турғунлик эмас, жадал ривожланиш йўлини танлаймиз», деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Маросим якунида Президент дипломатларга муваффақият тилади ва уларнинг давлат раҳбарларига самимий қутловлар йўллади. Шунингдек, у иштирокчиларни муқаддас Рамазон ойи, Пасха ва Лаос Янги йили билан табриклади.