Қасим-Жомарт Тоқаев бир гуруҳ Корея фуқароларини мукофотлади
ASTANA. Kazinform — Сеулда Корея Республикасининг давлат ва жамоат арбобларига II даражали "Достық" орденини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.
Тадбир иштирокчиларини қутлаб, Давлат раҳбари қозоқ ва корейс халқларини азалдан мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини таъкидлади.
— Мамлакатларимиз бир-биридан анча узоқ масофалар билан ажралиб туришига қарамай, бизни ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатлар бирлаштиради. Корея иқтисодиёти рақобат ва қийинчиликларга бардош бериб, муваффақиятли ривожланмоқда. Бу халқнинг меҳнати ва йирик бизнеснинг саъй-ҳаракатлари туфайли мумкин бўлди. Қозоқ халқи ва ҳукумат расмийлари дўст Кореяни чин дилдан ҳурмат қиладилар. Корея Республикаси Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Биз Кореяни халқаро майдонда юқори обрўга эга давлат сифатида кўрамиз. Бизнинг кўп қиррали ҳамкорлигимиз ҳар йили мустаҳкамланиб бормоқда. Беш йил олдин Кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинган эди, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
У икки мамлакат ўртасида яқин сиёсий мулоқот ўрнатилганини ва кўп қиррали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
— Савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланмоқда. Биз машинасозлик, энергетика, металлургия, илғор технологиялар ва бошқа соҳаларда бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Мамлакатимизда дунёга машҳур корейс компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Маданий ва гуманитар алоқаларимиз ҳам мустаҳкамланиб бормоқда, — деди Президент.
Ўз нутқида Қозоғистондаги корейс жамоасининг Корея билан алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим роли алоҳида таъкидланди.
— Ҳозирда Қозоғистонда 100 мингдан ортиқ корейслар яшайди. Улар мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Биз барча этник гуруҳлар учун қулай шароитлар яратдик. Корё-сарам жамоаси қозоқ заминида тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшайди ва бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади. Қозоғистонда корейс маданий марказлари фаолият юритади. Алматидаги академик корейс театри эътирофга ва жамоатчиликнинг олқишига сазовор. Корейс тилида газета нашр этилади ва махсус радиоэшиттириш эфирга узатилади, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Қозоғистон ва Корея ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш икки халқнинг умумий манфаатларига хизмат қилишига ишонади.
— Мен бугунни Қозоғистон-Корея муносабатлари учун жуда муҳим кун деб биламан. Ушбу ташриф доирасида Корея Республикасининг таниқли давлат ва жамоат арбобларига II даражали “Достық” орденини топширишга қарор қилдим. Бу қозоқ халқининг чинакам ҳурмати ва самимий эътирофининг белгисидир. Ишончим комилки, сизлар келажакда ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшасизлар, — деди Президент мукофотланганларга мурожаат қилиб.
Маросим давомида Корея Республикасининг 22-чақириқ Миллий ассамблеяси депутатлари Мэн Сон Гю ва Ли Чжэ-кан, Сеул Кибер университети президенти Ли Сан Гюн, Хангук хорижий тадқиқотлар университети (HUFS) профессори , Марказий Осиё тадқиқотлари институти директори Сон Ён Хун ва Hyundae General Hospital кўп тармоқли клиникаси директори Ким Бу Соп II даражали “Достық” ордени билан тақдирландилар.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев Корея Республикасига давлат ташрифи билан борди.