Италия шимолида бўрон бўлиб, Милан марказини сув босди

Кўл қирғоғидаги сайёҳлар учун мўлжалланган бир нечта барлар сув остида қолган, фуқаро муҳофазаси органлари яқин атрофдаги ҳудудлардан сув тортиб, кўчма тўғон ўрнатишга мажбур бўлган.
Комо, Монса, Брианца ва Милан муниципалитетлари орқали оқиб ўтадиган Севезо дарёси ҳам тошиб кетди.
Миланнинг баъзи ҳудудларига кириш имкони йўқ. Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, сув маҳаллий метро бекати зинапоясидан пастга оқиб тушган, кучли шамолда пиёдалар қулаган, баъзилари эса устунларга ёпишиб турган.

Шаҳар хавфсизлик кенгаши аъзоси Марко Гранеллининг маълум қилишича, кучли шамол дарахтларни ва қурилиш зинапояларини ағдариб ташлаган ва томларни юлиб кетган. Эҳтиёт чораси сифатида шаҳарнинг бир қанча жойларида узилган электр тармоқлари таъмирланмагунча электр энергияси узилган.
Марказий Италиядаги Тоскана ҳам ёмғирдан зарар кўрди.
Ҳафта охиригача бутун Италияда ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Бу йил Италияда сув тошқини оқибатлари оғир бўлди. Май ойида Эмилия-Романья шимолидаги сув тошқини оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлган эди. 20 дан ортиқ дарёлар қирғоқларидан тошиб кетди, юзлаб кўчкилар содир бўлди, уйлар сув остида қолди, қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўрди.