Исроил ХАМАСни йўқ қилиб, гаровга олинганларни қайтариш ниятида

Исроил
Фото: Pixabay

Исроилнинг ҳарбий амалиётдан мақсади Фаластиннинг исломий ХАМАС ҳаракатини йўқ қилиш ва асирда ўтирган барча гаровга олинганларни ватанига қайтаришдир. Бу ҳақда Астанадаги брифингда Исроил ТИВ бош директорининг Евросиё ва Болқон мамлакатлари бўйича ўринбосари Симоне Гальперин маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Ғазода 241 киши (исроилликлар ва хорижликлар) бор, жумладан, 30 дан ортиғи болалар.

“Улар (ХАМАС) 9 ойлик болани олиб кетишди. 2-3 ёшли болаларни олиб кетишди. Буни ким тасаввур қила олади? 5400 дан ортиқ исроиллик яраланган ва 1400 киши ҳалок бўлган. Айримларининг оилалари бу ҳақда ҳали ҳам билишмайди, чунки жасадлар ҳали аниқланмаган... Операциядан мақсад ХАМАСни йўқ қилиш ва барча гаровга олинганларни уйларига қайтаришдир. Агар улар исроиллик бўлса Исроилга, бошқа давлат фуқароси бўлса ҳам бунинг фарқи йўқ, ўз мамлакатларига қайтарамиз”, – деди Симоне Гальперин.

Аввалроқ инсонпарварлик ташкилотлари ва БМТ агентликлари раҳбарлари Ғазо сектори юзасидан баёнот бергани хабар қилинганди. Улар Исроил ва Фаластинда “зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатиш”га чақирдилар.

100 дан ортиқ қозоғистонликлар Қозоғистоннинг Исроилдаги элчихонасига мамлакатдан чиқиб кетишда ёрдам сўраб мурожаат қилишган.

Сўнгги хабарлар